Эркин Гадоев: Трансчегаравий электрон тижоратда солиқ тушумлари йўқотилишининг олди олинади
Рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши электрон тижорат иштирокчилари учун электрон тижорат маконини ҳамда адолатли рақобат муҳитини яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев қонуннинг асосий мақсади – трансчегаравий электрон тижоратда солиқ тушумлари йўқотилишининг олдини олиш, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда маҳаллий ва хорижий сотувчиларга тенг рақобат муҳитини яратишга қаратилган.

Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, электрон савдо платформалари орқали республикамизга товарларни реализация қилувчи чет эл юридик шахсларини ҚҚС тўловчиси сифатида эътироф этиш белгиланмоқда.

Қонун билан Солиқ кодекси ҳамда “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунга электрон тижорат соҳасида тўловларни, трансчегаравий электрон тижоратни амалга оширишнинг, рақамли маҳсулотлар экспорти ва импортининг ўзига хос хусусиятларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиламоқда.
Электрон тижорат операторларининг мажбуриятлари доирасида истеъмолчи олдида сотувчи жавобгар бўладиган ҳолатлар ёки сотувчи томонидан истеъмолчининг қонуний талабларини қондириш имконияти бўлмаган тақдирда, электрон тижорат операторининг истеъмолчи олдида субсидиар жавобгарлик меъёри белгиланмоқда.

Натижада истеъмолчининг хавфсиз онлайн савдо хизматларидан кенг фойдаланиши таъминланади. Бундан ташқари, қонун нафақат электрон савдони тартибга солиш, балки электрон савдо бозорида шаффофликни ошириш, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий база яратишга хизмат қилади.
Сенаторлар маъқуллаган қонун билан жорий этиладиган чора-тадбирлар маҳаллий ва хорижий сотувчилар ўртасида адолатли рақобат шароитини таъминлайди. Трансчегаравий электрон тижорат шиддат билан ривожланаётган даврда солиқ тушумлари йўқолишининг олдини олиш ҳамда маҳаллий электрон савдо платформаларини солиқ агентлари сифатида жалб этиш орқали солиқ тушумларини таъминлаш жараёнларини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА