Ҳар бир рақам ортида инсон тақдири бор
Жиззах вилояти Жамоат хавфсизлиги хизматининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, соҳанинг масъул ходимлари ҳамда мутасадди ташкилотлар иштирок этишди.
Анжуманда Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи, подполковник Алимахаммат Сайдахматов томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан таҳлилий ахборот тақдим этилди.
Таъкидланганидек, бугун йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи фақат соҳа ходимларининг эмас, балки бутун жамиятнинг долзарб вазифасига айланмоқда. Зеро, йўлдаги ҳар бир бепарволик инсон ҳаёти, оила тақдири ва жамият тинчлигига дахл қилади.
[gallery-29405]
— Ҳар бир йўл-транспорт ҳодисаси ортида инсон тақдири туради. Шунинг учун биз учун асосий вазифа — содир бўлган ҳодисани расмийлаштириш эмас, унинг олдини олишдир. Профилактика, тарғибот ва инфратузилмани яхшилаш ишларини айнан шу тамойил асосида олиб бормоқдамиз, — деди Алимахаммат Сайдаҳматов.
Қайд этилганидек, 2026 йилнинг дастлабки уч ойи давомида вилоят ҳудудида йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 фоизга камайган. Жами ҳодисалар сони 51 тадан 48 тага тушган бўлса, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 16 тадан 14 тага қисқарган.
Бу муайян ижобий натижа экани таъкидлангани ҳолда, айрим ҳудудларда ҳолат ҳануз ташвишли экани ҳам очиқ айтилди. Жумладан, Бахмал туманида ҳодисалар 3 тага, Дўстлик туманида 4 тага, Ғаллаорол туманида 1 тага ошган. Шунингдек, Жиззах шаҳри, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида йўл-транспорт ҳодисалари салмоғи юқорилигича қолмоқда.
Матбуот анжуманида келтирилган таҳлиллар ҳодисаларнинг асосий сабабларини ҳам очиб берди. Маълум бўлишича, содир этилган ҳодисаларнинг қарийб 40 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар билан боғлиқ бўлса, 60 фоиздан ортиғи инсон омили ҳиссасига тўғри келмоқда.
Айниқса, тунги вақтда содир бўлган ҳодисалар жиддий эътибор талаб қилади. Уч ой мобайнидаги 18 та тунги ҳодисанинг 12 таси ёритилмаган автомобиль йўлларида содир этилган.
Шу боис вилоятда йўл инфратузилмасини яхшилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 163 та янги йўл белгиси ўрнатилиб, 168 таси янгиланди. 105 та светофор объектининг ишлаш режими қайта кўриб чиқилди. Қарийб 67 минг квадрат метр йўл чизиқлари чизилди, 100 та пиёдалар ўтиш жойи қайта тикланди.
Шунингдек, 82,5 минг квадрат метр йўл қисми таъмирланиб, 5 километр велосипед йўлаги ва 5 километр пиёдалар йўлаги барпо этилди. Қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари, сунъий нотекисликлар ва шовқин чизиқлари ташкил қилиниб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилди.
— Йўл хавфсизлиги фақат назорат ёки жазо билан таъминланмайди. Бу аввало тўғри инфратузилма, юксак маданият ва инсон ҳаётига бўлган масъулият билан боғлиқ, — деди Алимахаммат Сайдахматов.
Анжуманда инсон омили билан боғлиқ қоидабузарликларга қарши курашиш борасидаги ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳисобот даврида 85 мингдан ортиқ ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шундан 12 мингдан зиёд ҳолат қўпол қоидабузарлик сифатида қайд этилган. 181 нафар ҳайдовчининг транспорт воситасини маст ҳолда бошқаргани аниқланган.
Пиёдалар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган профилактик тадбирлар ҳам изчил давом этмоқда. Маҳаллалар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда юзлаб тарғибот ва тушунтириш учрашувлари ташкил этилган.
Айниқса, болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги умумтаълим мактабларида 338 та махсус синфхона, мактабгача таълим ташкилотларида эса 155 та йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш майдончаси ташкил этилган.
Шу билан бирга, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Жорий йилда халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига 10 та тезликни автоматик қайд этувчи фото ва видео мослама ўрнатилди. Пиёдалар ҳаракати юқори бўлган ҳудудларда эса яна 10 та интеллектуал кузатув тизими ишга туширилди.
Келгусида ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ёки ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларни автоматик аниқлаш имконини берувчи 52 та замонавий фото ва видео қурилмани ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Анжуманда таъкидланганидек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш — бу фақат статистик рақамлар устида ишлаш эмас. Бу инсон ҳаётини асраш, фуқаролар тинчлиги ва жамият хавфсизлигини таъминлашга қаратилган узлуксиз ва масъулиятли вазифадир.
— Бизнинг асосий мақсадимиз рақамларни эмас, инсон ҳаётини асраб қолишдир. Ҳар бир фуқаро йўлда ўзини хавфсиз ҳис қилиши керак, — деди Алимахаммат Сайдахматов.
Тадбир сўнгида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА