Танлов ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғига асосан, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Ижтимоий ҳимоя агентлиги вилоят бошқармалари ҳамкорлигида инклюзив таълим тизимида фаолият юритаётган махсус педагогларни қўллаб-қувватлаш, касбий маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда рағбатлантириш мақсадида Андижон шаҳридаги “Имкониятлар олами” марказида “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” республика кўрик-танловининг Андижон вилояти босқичи бўлиб ўтди. Танловда туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 16 нафар педагог иштирок этди.
– Умумтаълим мактабларининг инклюзив таълим синфларида фаолият юритаётган махсус педагоглар иштирок этган танлов қизиқарли, иштирокчиларнинг фаоллигида ўтди. Танловда ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, иш жараёнларига ижодий ёндашуви, педагогик салоҳияти ҳамда болалар билан ишлаш кўникмалари баҳоланди, – дейди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Инклюзив ва уй таълимини мувофиқлаштириш шўъбаси раҳбари Шоҳидахон Юнусова.
Иштирокчилар коррексион-ривожлантирувчи машғулот ўтказиш, инклюзив таълим жараёнида қўллаётган замонавий усул ва ёндашувларни намойиш этиш, “Менинг педагогик фаолиятим” мавзусидаги тақдимот ҳамда махсус педагогика оид “Савол-жавоб” шартлари асосида ўзларининг билим ва салоҳиятларини намойиш этди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Олтинкўл туманидаги 13-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Муаттар Жўраева биринчи ўринга сазовор бўлиб, танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Иккинчи ўрин Қўрғонтепа туманидаги 50-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Зарнигор Расуловага, учинчи ўрин Хўжаобод туманидаги 74-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси Мафтуна Зайнобиддиновага насиб этди.
[gallery-29658]
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),ЎзА