Меҳр ва дийдор айёми
Қурбон ҳайити яқинлашиши билан қишлоқ ва маҳаллаларда ўзгача файз сезилади. Ҳовлилар супурилиб, тандирлар қиздирилиб, нон епилади, ўчоқда ош дамланади. Атрофни нон иси эгаллайди. Ҳали тонг отмасиданоқ маҳаллани такбир садолари, қўни-қўшниларнинг байрамона шовқини чулғаб олади.
Ҳар гал Қурбон ҳайити келиши билан болалигимнинг энг беғубор кунларини эслайман. Эрта тонгда уйғониб, ҳовли ва кўчаларга сув сепиб супурганларимиз ҳануз кўз ўнгимда. Биз — укаларим билан бобом, дадам ва амакиларимнинг ҳайит намозидан қайтишини интизорлик билан кутардик. Қўлимизда кичик халтача, кўнглимизда эса беғубор ҳаяжон…

Улар кириб келишлари билан хонадонга байрамнинг ҳақиқий руҳи ёйиларди. Бобомнинг дўпписи, дадамнинг оқ кўйлаги, амакиларимнинг қувноқ чеҳраси — барчаси ҳайитнинг ажралмас манзараси эди. Кейин эса бизга “ҳайитлик” тарқатиларди. Ҳолва, ҳўрозқанд, турли ширинликлар ва энг муҳими — “ҳайит қарз”.
Жиззах вилоятида қадимдан сақланиб келаётган “ҳайит қарз” удумининг ўзига хос маънавий аҳамияти бор. Катталар болаларга байрам муносабати билан пул ёки совға берар, бу эса нафақат қувонч, балки меҳр ва эътибор рамзи ҳисобланарди. Болалар эса олган ҳайитлигини тенгдошларига кўрсатиб, қувончини яшира олмасди.
Қурбонликка аталган жонлиқ сўйилганидан кейин маҳалла янада гавжумлашарди. Яқинлар, қариндошлар ва қўни-қўшнилар бир дастурхон атрофида йиғилиб, дийдорлашувлар бошланарди. Катталар суҳбат қуриб, дуо қилишар, болалар эса кўчаларда шовқин-сурон кўтариб ўйнашарди.

Энг таъсирлиси, катталарнинг меҳр-оқибати эди. Бобом ва дадам маҳалладаги ёлғиз кексалар, бева-бечоралар ҳолидан хабар олар, қурбонлик гўшти ва ширинликлардан улашарди. Ўша пайтларда болалик онгимиз билан ҳам яхшилик қилишнинг нақадар улуғ фазилат эканини ҳис қилардик.
Қурбон ҳайити нафақат байрам, балки тарбия мактаби ҳам бўлган. Катталар “Қўшнинг тинч — сен тинч”, “Меҳр берган инсон кам бўлмайди” дея фарзандларга инсонпарварликни ўргатишарди. Бу тарбия китоб орқали эмас, амал орқали сингдириларди.
Қишлоқларда ҳайит кунлари болалар учун ҳақиқий сайилга айланарди. “Арғимчоқ учиш”, “чиллак”, “оқ теракми, кўк терак”, “қувлашмачоқ” каби миллий ўйинлар маҳаллага янада шодлик бағишларди. Қизлар янги кўйлаклар кийиб, сочига рангли ленталар тақишар, ўғил болалар эса дўппи кийиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб айланишарди.
Бу ўйинлар ортида халқнинг минг йиллик руҳи, миллий маданияти ва болаликнинг беғубор қувончи яширин эди.
Бугун замон ўзгарди. Технологиялар тараққий этди, шаҳарлар катталашди, одамлар шошқин ҳаётга кўникиб қолди. Аммо Қурбон ҳайити келиши билан инсон қалбидаги ўша илиқ туйғулар яна уйғонади. Энди кўпчилик яқинларини телефон ёки интернет орқали табрикламоқда. Бироқ байрамнинг маънавий моҳияти — меҳр, саховат ва дийдор қадри ўзгаргани йўқ.
Аслида миллий байрам ва анъаналарни асраб-авайлаш жамият маънавий барқарорлигини мустаҳкамлайди. Айниқса, ёш авлодга ҳайитнинг асл мазмунини англатиш — бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири.
Чунки Қурбон ҳайити — шунчаки байрам эмас. У инсонларни яқинлаштирадиган, қалбларни юмшатадиган, меҳр-оқибатни улуғлайдиган улуғ айёмдир.
Эҳтимол, инсон улғайган сари болаликдан узоқлашар. Аммо Қурбон ҳайити келиши билан ҳар кимнинг қалбида бир бола уйғонади… Ҳовлига сув сепиб юрган, ҳайитлик кутган, бобосининг дуосига кўз тутган ўша беғубор бола…
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА