Таълимда “Фарғона тажрибаси” ўрганилмоқда (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудий бўлинмалари масъул ходимлари иштирокида Фарғона вилоятида ўқув- семинар ташкил этди.
Биринчи савол: хўш нега Фарғонада?
Ўзбекистон Президенти қайси мавзудаги анжуман бўлмасин, “Илм, илм ва яна бир бор илм”га асосланмоқ зарур, дея таъкидлайди. Фарғона вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бу топшириқни бош йўналиш деб қабул қилди. Ҳаракат дастури ва йўл харитасини тузди. Унга кўра вилоят таълим тизими масъулларини тажриба ортириш учун Японияга олиб борди.
Иккинчи савол: хўш, нега Японияга?
– Япония таълим тизими дунёдаги энг илғор тажриба ҳисобланади. Улар барча эътиборни болаларни ёшлигиданоқ нафақат илм - фанга, балки ҳаётга тайёрлаш ва қадриятлар асосида тарбиялашга қаратади, – дейди Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Эркин Муродов.
Мана икки йилдирки, Фарғона вилоятида таълимда Япония тажрибаси қўлланмоқда. Масалан, Фарғона шаҳридаги 67 – сонли мактабгача таълим муассасасини олайлик. Бу ерда болаларни тарбиялашнинг 6 та устувор вазифалари белгилаб олинган. Улар қуйидагилар:
- Такомиллаштирилган “Илк қадам”;
- Мажбурий тайёрлов гуруҳлари;
- Ўйинга асосланган таълим;
- Болалар хавфсизлиги;
- Ёзги соғломлаштириш даври;
- “Келажак марказлари” билан ҳамкорлик.
Семинар иштирокчилари ҳар бир йўналиш бўйича амалий жараён билан танишдилар.
– Мактабгача таълим муассасаларидаги тарбия усули менда жуда катта таассурот қолдирди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ММТБ бошлиғи Фотима Ергуланова. – Айниқса, Япония тажрибаси болаларнинг мукаммал инсон бўлишида аҳамияти катта экан. Мен бу ердан қайтгач мактабгача таълим муассасаларида Япония тажрибасини қўллаш учун ҳаракат қиламан.
– Бу муассасада болалар мактабга чиқишдан аввал энди энага қаровидагина бўлиб қолмайди. Уларнинг дунёқараши, кўникмаларини шакллантириш жараёнлари қўлланяпти, – дейди Эркин Муродов. – Болалар боғча ёшидаёқ фанлар ва билимлар, касбий кўникмалар, соғломлаштириш жараёнлари билан танишиб боряптилар. Бундай тажрибалар билан танишган семинар иштирокчилари мамлакатимизда олиб борилаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар тўғри йўлда эканини таъкидлашди.
Одатда давлат мактабгача таълим муассасалари дам олиш кунлари ишламайди. Аммо ҳаётда шу кунларга ҳам эҳтиёж бор. “Фарғона тажрибаси”нинг яна бир жиҳати шундаки, бу муаммо ҳам ечим топган.
– Дам олиш кунларини family day қилиш туфайли давлат мактабгача таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик, – дейди Фарғона шаҳридаги “Келажак маркази” директори Моҳинур Расулова. –Чунки баъзида давлат ва хусусий секторда ишлайдиган ота-оналар учун фарзандларини шанба-якшанба кунлари ҳам болалар боғчасига олиб бориш зарурати туғилади. Шундай пайтда биз ўзимизнинг тарбиячилар билан бу ерда болаларни қабул қилиб уларни кун бўйи банд қиламиз.
Семинар иштирокчилари, барча вилоят таълим бошқармалари, шаҳар ва туман бўлимлари раҳбарлари Қува туманидаги 5-умумтаълим мактабида бўлдилар. У илгари деярли яроқсиз аҳволга келиб қолган эди. Амалга оширилган қурилиш ва қайта қуриш натижасида ҳавас қилгулик гўзал маскан пайдо бўлди. Бу ерда таълим ва касбий таълим олиш, IT технологияларига мукаммал ўрганиш имкониятлари энг юқори даражага етди.
— Бу бинолар қурилганидан сўнг ўқувчиларда билимга қизиқиш янада ошиб кетди, — дейди Қува туманидаги 5-мактаб директори Шерзод Қодиров. – Энди ўқитувчилар дарсдан сўнг ўқувчилар билан алоҳида машғулотлар олиб боришяпти. Натижада ўнлаб ўқувчилар фанлардан халқаро ва миллий сертификатлар олишмоқда.
Мактабдаги яна икки жиҳатни таъкидлаш лозим. Бири – ўқувчиларда меҳнат кўникмалари яратилиб рағбатлантирилмоқда. Улар иссиқхона ва очиқ майдонларда деҳқончилик сирларини ҳам ўрганишяпти. Иккинчи жиҳат шундаки, бошланғич синф ўқувчилари учун иссиқ овқат ташкил этилган.
— Мактабимизда 200 ўринли ошхона ишлайди. 501 нафар бошланғич синф ўқувчиси учун ихтиёрий- мажбурий овқатланиш учун барча шароит яратилган.
Навбатдаги манзил Фарғона шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби бўлди. Дастлаб мактаб кутубхонаси билан танишдилар. Зарур ва хилма-хил адабиётларга бой кутубхона ўқувчилар билан гавжум эди. Уларнинг бир қисми билимдонлик танлови – "Заковат" ўйинига жалб этилган экан. Таълим тизими масъуллари ҳам бу борада билимларини синаб кўрдилар.
– Мактабларда яратилган шароитларни ўргандим. Бу тажрибаларни ўзим раҳбарлигимдаги шаҳар мактабларида қўллайман, – дейди Андижон вилояти Хонобод шаҳар ММТБ бошлиғи Шаҳло Турсуналиева. – Айниқса, IT, сунъий интеллект бўйича ўқувчиларга таълим бериш услублари жуда ёқди. Экологик тарбия жуда таъсирчан эди. Ўқувчилар ўзлари боғ яратиб маҳсулот етиштиряпти ва бу жараённи кундаликларига ёзиб боришяпти. Бу тажрибаларни Андижондаги касбдошларимга етказаман.
Синф хоналари замонавий мебел ва ўқув жиҳозларига эга. Электрон ва мобил доскалар ўрнатилган. Ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги мулоқот самимий ва дўстона. Исталган саволни бериш мумкин. Муносабатда эркинликка устуворлик берилади. Бундай шароитда билим илмга томон томир отади. Ўқувчилар дунёқараши таълим меъёрларидан ҳам ташқарига чиқади.
– Фарғона вилоятида икки йилдан буён бир неча мактабларда Япония тажрибаси асосида иш олиб бориляпти, – дейди Эркин Муродов. – Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида асосий эътибор болаларни ҳаётга тайёрлашга қаратилган. “Фарғона тажрибаси”нинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, бошланғич синфдан болалар ўзига ўзи хизмат қилиш, озодаликни сақлаш ва тарбия меъёрларига ўргатиб борилади.
[gallery-29451]
Маълумки, ўрта таълимдан сўнг олий ўқув юртларига бормай касб эгаси бўлиб ишлайдиганлар ҳам оз эмас. Улар учун ўрта махсус касбий таълим берадиган техникумлар ташкил этилди. Қува туманидаги 1-сонли техникум уларнинг бири. Бу ерда 927 нафар ёшга 9 та йўналишда касбга ўргатилмоқда. Унинг таркибида илк бор лойиҳа ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашувчи “Startup garage” ташкил этилди. Касбий кўникма симуляцион марказида эса пайвандлашнинг энг нозик жиҳатлари ўргатилади. Қолаверса, сунъий интеллект ёрдамида ўзлаштириш даражаси аниқланади. Бундай ўқув курси миграция агентлиги билан ҳамкорлик натижасидир.
Ҳозир техникумда ҳудуд ихтисослашувидан келиб чиқиб, жумладан, дрон оператори, қуёш панелларига хизмат кўрсатиш, смарт ирригация касблари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
Ижобий тажрибага бой кун якунида семинар иштирокчилари учун “Замонавий бошқарув усуллари” мавзуида ўқув- тренинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудий бошқармалари, шаҳар, туман бўлими бошлиқлари учун ўқув – семинар эртага ўз ишини давом эттиради.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/3pY6lp8JNH0" title="Ta’limda “Farg`ona tajribasi” o`rganilmoqda " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА