Хотин-қизлар бўйича Ўзбекистон тажрибасини бутун дунё ўрганиши керак
Мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг ўринбосари, Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ижрочи директори Диене Кейта бошчилигидаги делегация Самарқандга келди.
Меҳмонлар дастлаб Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова билан учрашди.
Мулоқот давомида Зулайҳо Маҳкамова юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ҳақида меҳмонларга батафсил маълумот берди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, жамиятда хотин-қизлар ўрни ва ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ижобий натижаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида Диене Кейта самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда ўтаётган ҳар бир дақиқа унда унутилмас хотиралар қолдираётганини таъкидлади. Мамлакатнинг хотин-қизлар сиёсати борасидаги ислоҳотларини алоҳида эътиборга олган нуфузли меҳмон бу тажрибани бутун дунёга кўрсатиш орқали жаҳон миқёсида уларнинг қадр-қимматини оширишда кенг фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
– Ўзбекистон ҳукуматининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича амалга ошираётган ислоҳотлари ҳақиқатда ўрнак олишга арзийди, – деди мулоқот давомида Диене Кейта хоним. – Ташриф давомида хотин-қизлар учун яратилган шароитлар, уларнинг нуфузли лавозимларда фаолият юритаётганлиги мени ана шундай хулосага ундади. Статистик маълумотларга кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолисининг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши кутилмоқда. Бугунги ислоҳотлардан кейин қўрқмай айтиш мумкинки, мамлакатда аёллар ўз ўрни ва ролига эга бўлиб, жамиятда тенг ҳуқуқлилик тамойиллари бардавом бўлади.
Ташриф давомида меҳмонлар оилани қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасидаги ишларни бевосита кузатиш мақсадида Самарқанд шаҳрида жойлашган “Оила маскани” маркази фаолияти билан танишди. Диене Кейта хоним марказда амалга оширилаётган ишларни ўз кўзи билан кўриб, фуқаролар билан мулоқот қилди.
Бу ерда хотин-қизларга касб ўргатиш, тадбиркорликка йўналтириш ҳамда ёшларни оилага тайёрлаш, психологик ёрдам, она ва бола ҳуқуқларини таъминлаш хоналари фаолияти меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-29438]
Ташрифнинг кейинги манзили Самарқанд туманидаги Конигил маҳалласи бўлди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуранбоев ҳамроҳлигида меҳмонлар Конигил туризм қишлоғи билан яқиндан танишишди. Миллий ҳунармандлик маҳсулотлари, маҳаллада фаолият юритаётган ҳунарманд хотин-қизларнинг қўл меҳнатида яратилган маҳсулотлар меҳмонлар ҳайратини оширди.
Шу ерда меҳмонларга Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси тақдимоти ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил қилинган маҳалла еттилигининг вазифалари батафсил тушунтирилиб, амалиётда эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида делегация Самарқанд шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан ҳам танишди. У ерда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига кўрсатилаётган хизматлар, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Самарқанд ташрифи тарихий обидалар зиёрати билан якунланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари