Таълим тизимидаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда
Умумий ўрта мактабларда таълим сифатини белгилайдиган асосий мезонлардан бири битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичидир. 2026 йилда Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги мактабларни 1 188 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг 747 нафари, яъни 62,4 фоизи олий таълим муассасалари талабаси бўлишга муваффақ бўлди. Ушбу натижа билан Навбаҳор тумани вилоятда биринчи ўринни қайд этди.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш ҳамда таълим муассасаларида замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Навбаҳор туманида ҳам бу борада изчил ишлар амалга оширилиб, ўқувчиларнинг билим даражасини ошириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, китобхонликни ривожлантириш ва таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

- Бугунги кунда туманимизда 36 та умумтаълим мактаби ва 1 та ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритмоқда, - дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Абдуҳошим Қаршиев. - Уларда 18 607 нафар ўқувчига 1 969 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Педагогларнинг 437 нафари олий, 516 нафари биринчи, 498 нафари иккинчи малака тоифасига эга бўлиб, малака тоифасига эга педагоглар улуши 73 фоизни ташкил этмоқда.
Мактабларда иқтидорли ўқувчиларнинг фан олимпиадаларидаги натижалари ҳам йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Агар ўтган йили асосий фан олимпиадасининг вилоят босқичида 6 нафар ўқувчи ғолиб бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 9 нафарга етди. “Молиявий саводхонлик” олимпиадасининг республика босқичида 1-мактаб ўқувчиси 3-ўринни, “Муҳандислик-ихтирочилик” олимпиадасида эса 9-мактаб ўқувчиси биринчи ўринни эгаллади. “Жасорат мактаби” сифатида танланган 34-мактаб ўқувчилари “Жасорат учқунлари” мусобақасининг вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида ҳам фаол иштирок этди. Ёшларнинг тарихий хотира, миллий ўзликни англаш туйғуси ва маънавий дунёқарашини бойитиш мақсадида “Жадидлар изидан” республика танловининг вилоят босқичида 10-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шодиёна Шавкатова 2-ўринга сазовор бўлди.

Битирувчиларнинг юқори натижаларга эришишида уларнинг фанларни пухта ўзлаштириши, мустақил тайёргарлиги ва педагогларнинг самарали меҳнати муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, жорий йилда 35 нафар битирувчи 189 балл тўплаб, энг юқори натижага эришди. Бу кўрсаткич ўтган йилги кўрсатгичга нисбатан 18 тага кўпдир. Ўқувчиларнинг миллий ва халқаро сертификатларга эгалик даражаси ҳам сезиларли ошди. Агар ўтган йили сертификатга эга ўқувчилар сони 506 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 1 610 нафарга етди.
Таълим сифатини оширишда ўқитувчиларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва замонавий таълим усулларини амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. 2025-2026 ўқув йилида тумандаги 17 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилган бўлса, жорий ўқув йилида яна 8 та мактабда янги баҳолаш тизимини жорий этиш ишлари бошланди. Ушбу тизим орқали ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари ҳар чоракда баҳолаб борилади.

Сифатли таълимни таъминлашда ижобий натижаларга эришган мактабларни рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 майдаги “Сифатли таълимни таъминлашда ижобий натижалар кўрсатаётган умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарияти ҳамда ўқитувчиларига устама бериш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, белгиланган мезонлар асосида 10-мактаб раҳбарлари ва педагогларига 40 фоиз, 35-мактабга 30 фоиз, 3-, 18- ва 20-мактабларга 20 фоиз, 6-, 23- ва 33-мактабларга эса 10 фоиздан устама тўловлари белгиланди. Шунингдек, ҳозирда туманда 22 нафардан ортиқ ўқитувчи эришган юқори натижалари ва касбий ютуқлари туфайли ойига 1 000 АҚШ долларига тенг миқдорда маош олмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан 3 нафар ўқитувчи 100 фоиз, педагог кадрлар аттестацияси натижаларига кўра 86 баллдан юқори натижа кўрсатган 37 нафар педагоглар 70 фоизлик устамалар олиб келмоқда.

Туманда таълим тизимига хорижий тажрибани олиб кириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 3-, 6-, 8- ва 20-мактабларга хорижлик мутахассислар жалб этилган. Сўнгги уч йил давомида жами 12 нафар хорижлик мутахассис олиб келинганлиги таълим жараёнини халқаро тажрибалар асосида такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантириш ва мутолаа маданиятини ривожлантиришда мактаб кутубхоналарининг ўрни беқиёс. Навбаҳор туманидаги умумтаълим мактабларида 36 та кутубхона фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий фонди 598 722 тани ташкил этади. Шундан 72 809 таси бадиий адабиётлар, 31 351 таси электрон адабиётлар, 492 466 таси дарсликлар ва 2 096 таси методик адабиётлардан иборат.

Ўқувчиларни китоб мутолаасига кенг жалб қилиш мақсадида мактабларда турли тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Барча синфларда “Китоб бурчаклари” ташкил қилинган бўлиб, мактаб директорлари ва педагоглар ўқувчилар билан биргаликда кутубхоналарга ташриф буюриш, китоб ўқиш ва асарлар мазмунини муҳокама қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантириш мақсадида турли йўналишлардаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Тумандаги умумтаълим мактабларида 1 177 та тўгарак фаолият юритиб, уларга 15 610 нафар ўқувчи жалб қилинган. Бу умумий ўқувчилар сонининг қарийб 84 фоизини ташкил этади. Тўгараклар фан, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик, касб-ҳунар ҳамда ҳарбий-ватанпарварлик каби йўналишларни қамраб олган.

Бугунги кунда туманда инклюзив таълимни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосалари асосида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган 30 нафар бола ўз яшаш ҳудудига яқин жойлашган 12 та мактабга инклюзив таълим олиш учун йўналтирилди. Бу ҳар бир бола учун таълим олиш имкониятларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Таълим сифати фақат дарс жараёни ва ўқитувчи маҳорати билан чекланмайди. Мактаб биноларининг ҳолати, спорт майдонлари, ошхоналар, фаоллар заллари ва ўқув хоналарининг замонавий талабларга жавоб бериши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Навбаҳор туманида таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Инвестиция” давлат дастури доирасида 1-мактабни мукаммал таъмирлаш ва унга қўшимча 480 ўринли бино қуриш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 5-, 8-, 14-, 19-, 22-, 23-, 29-, 33- ва 36-мактабларда таъмирлаш ҳамда қўшимча бинолар қурилиши режалаштирилган. Мазкур ишлар натижасида 6 699 ўқувчи ўрнини мукаммал таъмирлаш ва яна 1 636 та янги ўқувчи ўрнини яратиш белгиланган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири