Элчи Сержио Гор Бухоронинг тарихий ва маданий мероси билан танишди
АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор Ўзбекистонга ташрифи доирасида қадимий ва навқирон Бухорода бўлди.
Бухоро халқаро аэропортида нуфузли меҳмонни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олди.
Ташриф аввалида элчи Бухоронинг кўп асрлик тарихи, юксак меъморий тафаккури ва ноёб маданий меросини ўзида мужассам этган тарихий обидалар билан танишди. Хусусан, Исмоил Сомоний мақбараси, Боло Ҳовуз масжиди, Арк қўрғони, Минораи Калон, Нодир Девонбеги мадрасаси ҳамда Лаби Ҳовуз мажмуаси меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Зиёрат қилинган ҳар бир тарихий қадамжо Бухоронинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё цивилизацияси тарихидаги юксак ўрнини яққол намоён этади. Асрлар давомида илм-фан, маърифат, савдо ва маданият маркази бўлиб келган Бухоро бугун ҳам Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий мулоқотнинг муҳим масканларидан бири сифатида ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.


Айниқса, тарихий обидаларнинг бугунги кунга қадар асраб-авайланиб, халқаро сайёҳлик ва маданий дипломатиянинг муҳим нуқталарига айлантирилаётгани Ўзбекистонда миллий меросни муҳофаза қилишга қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда Бухоронинг тарихий қиёфасини сақлаш, унинг туристик салоҳиятини янада ошириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ва шаҳарни халқаро маданий мулоқот майдонига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар Бухоронинг тарихий меросини асраш билан бирга, уни янги иқтисодий ва дипломатик имкониятлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилмоқда.
Сержио Горнинг Бухорога ташрифи ҳам ана шу нуқтаи назардан муҳим аҳамият касб этади. Зеро, дипломатик муносабатлар фақат расмий учрашувлар ва сиёсий мулоқотлар билангина эмас, балки халқларнинг тарихи, маданияти ва қадриятларини ўзаро англаш орқали ҳам мустаҳкамланади.
Бухоронинг ноёб мероси билан танишув АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни инсонпарварлик, маданий мулоқот ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида янада бойитиш учун муҳим рамзий қадам бўлди.
Қадимий Бухоронинг бугунги тараққиёт руҳи билан уйғунлашган қиёфаси эса Ўзбекистоннинг тарихий меросга таяниб, замонавий ва очиқ давлат сифатида ривожланиш йўлида дадил одимлаётганини яна бир бор намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири