Ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги — қонун устуворлигининг муҳим омили
Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аввало, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришдан бошланади. Зеро, ўз ҳуқуқларини яхши биладиган, ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган ва қонунларга амал қилишни ҳаётий тамойилга айлантирган ёшлар жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ишончли ҳимоя қилиш, ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада таълим муассасаларида ўтказилаётган “Омбудсман соати” машғулотлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида Бухоро вилоятининг Олот туманидаги 28-сонли умумтаълим мактабида навбатдаги “Омбудсман соати” дарси ташкил этилди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова юқори синф ўқувчилари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Машғулот одатий маъруза шаклида эмас, балки видеодарслар, савол-жавоблар ва ҳаётий мисоллар асосида интерактив усулда ташкил этилгани билан аҳамиятли бўлди. Бу эса ўқувчиларга ҳуқуқий тушунчаларни шунчаки тинглаш эмас, балки уларни кундалик ҳаётда учрайдиган вазиятлар билан боғлаб англаш имконини берди.
Суҳбат давомида инсон қадр-қиммати, шахсий, сиёсий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ва эркинликларнинг мазмун-моҳияти, уларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳақида атрофлича тушунчалар берилди. Айниқса, ҳуқуқлари бузилган тақдирда қайси давлат идораларига мурожаат қилиш, Омбудсман инсон ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилишда қандай ваколатларга эга экани аниқ мисоллар орқали тушунтирилди.
Бугунги рақамлашган даврда ёшларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятини шакллантириш ҳам долзарб масалалардан биридир. Шу боис машғулотда виртуал маконда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва шаънини ҳурмат қилиш, шахсий маълумотлар дахлсизлигига риоя этиш, интернет орқали содир этиладиган ҳуқуқбузарликлардан эҳтиёт бўлиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, ўқувчилар компьютер, телефон, интернет ва бошқа рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган кибержиноятлар, уларнинг оқибатлари ҳамда бундай хавф-хатарлардан ҳимояланиш усуллари ҳақида маълумот олишди. Ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилган мавзулар ёшларнинг рақамли муҳитда ҳам ҳуқуқий масъулиятни ҳис этиши зарурлигини яна бир бор намоён этди.
Эътиборлиси, ўқувчилар машғулотда фаол иштирок этишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Аслида, ҳуқуқий тарбиянинг самараси ёшларнинг қонунлар ҳақида қанча маълумотга эга экани билангина эмас, балки бу билимларни ҳаётда қай даражада қўллай олиши билан белгиланади. Шу маънода, “Омбудсман соати” каби машғулотлар ўқувчиларда ўз ҳуқуқини англаш, бурч ва мажбуриятларига масъулият билан ёндашиш, муаммоли вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу каби учрашувлар орқали ёшлар онгида қонунга ҳурмат, адолатга ишонч ва ўзгалар ҳуқуқига дахл қилмаслик маданияти мустаҳкамланади. Бу эса ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли жамият барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлод қалбига сингдиришда муҳим омилдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири