“Талабалар олимпиадасида” гандбол баҳслари қизғин паллага кирди
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган гандбол бўйича эркаклар ўртасидаги мусобақалар қизғин ва муросасиз курашларга бой тарзда давом этмоқда.
Навбатдаги ўйинларни Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов, Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳом Турсуналиев, Ўзбекистон гандбол федерацияси раиси ўринбосари Жаҳонгир Акрамов ҳамда федерация бош котиби Илҳом Матхаликов бевосита кузатиб борди.
Кун дастуридан ўрин олган баҳсларда жамоалар кейинги босқич йўлланмаси учун майдонга тушди.
Гулистон давлат педагогика институти жамоаси Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети вакиллари устидан 25:12 ҳисобида ғалаба қозонди. Андижон давлат педагогика институти жамоаси Қарши давлат университетига қарши кечган учрашувда рақибига имконият қолдирмай, 27:9 ҳисобида зафар қучди. Ўзбекистон миллий педагогика университети ҳам Тошкент ахборот технологиялари университети билан баҳсда устунлик қилиб, ўйинни 24:9 ҳисоби билан ўз фойдасига ҳал этди.
[gallery-29846]
Куннинг энг сермаҳсул учрашувларидан бири Фарғона давлат университети ва Урганч давлат университети жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Ҳужумкор руҳда кечган беллашувда фарғоналиклар 39:31 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мусобақа баҳслари давом этмоқда. Олдинда жамоаларни ҳал қилувчи учрашувлар кутмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА