Хоразмлик енгил атлетикачи талабаларга тенг келадигани йўқ
Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси” марказий стадионида “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” республика финал босқичи доирасида енгил атлетика мусобақаларининг навбатдаги куни баҳслари бўлиб ўтди.
Кун дастурига мувофиқ, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган талаба-спортчилар енгил атлетиканинг 200, 800 ва 3000 метр масофаларга югуриш ҳамда уч ҳатлаб сакраш йўналишларида ғолиблик учун баҳс олиб борди.

“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”нинг енгил атлетика мусобақаларида умумжамоа ҳисобида Хоразм вилоятининг Урганч давлат университети спорт клуби етакчилик қилди. Жамоа вакиллари 6 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритиб, жами 9 та медаль жамғарди.

Иккинчи ўриндан Андижон давлат университетининг “АДУ” спорт клуби жой олган. Андижонлик талабалар ҳисобида 4 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаль мавжуд бўлиб, уларнинг умумий медаллари сони 6 тани ташкил этмоқда.

Кучли учликка Қорақалпоқ давлат университети спорт клуби якун ясаб бермоқда. Жамоа вакиллари 3 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритиб, жами 5 та медалга сазовор бўлган.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мусобақаларнинг мунтазам ташкил этилиши ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ҳамда миллий спорт захирасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА