“Талабалар лигаси”: Республика финал босқичи юқори савияда ўтмоқда
Фарғона шаҳри бугунги кунда нафақат илм-фан ва маърифат, балки ёшлар спортини ривожлантириш борасида ҳам муҳим марказлардан бирига айланмоқда. Айниқса, мазкур ҳудудда спорт бўйича ёшлар ўртасида кўплаб мусобақалар юқори савияда ўтказилмоқда.
Ана шундай йирик спорт тадбирларидан бири, олий таълим муассасалари талабалари ўртасидаги “Талабалар лигаси” мусобақаларининг Республика финал босқичидир.

“Талабалар лигаси” мусобақаси 25 майга қадар давом этади. Мазкур нуфузли мусобақа мамлакатимизда ёшлар сиёсати, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, талабалар спортини қўллаб-қувватлаш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилгани диққатга сазовор.

Фарғона давлат университети ҳамда замонавий спорт иншоотларида футзал 5х5, баскетбол, бадминтон ва стол тенниси каби оммабоп спорт турлари бўйича қизғин баҳслар давом этмоқда. Қувонарлиси, Республика финал босқичида мамлакатимизнинг 14 ҳудудидан қарийб 900 нафар талаба-спортчи ва уларнинг мураббийлари қатнашмоқда.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бу каби спорт тадбирлари нафақат спорт соҳаси, балки ёшлар тарбияси, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш ва иқтидорли спортчилар захирасини шакллантиришга хизмат қилади. Зеро, бугунги талаба-спортчилар келгусида халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини янада юксалтириши шубҳасиз.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА