Стол теннисчиларимиз Тожикистонда “Президент кубоги”да қатнашмоқда
Шу кунларда Тожикистоннинг Данғара шаҳрида стол тенниси бўйича ўтказилаётган “Президент кубоги” халқаро турнирида мамлакатимизнинг кичик ракетка усталари Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва мезбон Тожикистон спортчиларига қарши баҳсларда иштирок этмоқда.
Эркаклар ва аёллар ўртасида жамоавий ҳамда яккалик тарзда кечаётган нуфузли турнирда терма жамоамизнинг 3 нафар эркак ва 3 нафар аёл стол теннисчилари совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.
Мукофот жамғармаси 30 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг қуръа натижаларига кўра, эркаклар гуруҳида ҳамюртларимиз Хўжанд-1 ва Кўлоб жамоаларига қарши майдонга тушиши белгиланган бўлса, аёллар мусобақасида ўзбекистонлик теннисчи қизлар Қозоғистон, Тожикистон-2, ҳамда Кўлоб жамоалари билан куч синашадиган бўлди.
Кеча “Президент кубоги” халқаро турнирининг аёллар жамоавий баҳсларининг илк ўйинида ҳамюртларимиз Хўжанд-1 жамоаси билан рўбарў келди. Ушбу баҳснинг иккинчи ўйинида терма жамоамиз аъзоси Мафтуна Гулимова мезбонлар спортчиси Азиза Сафаровага қарши баҳс олиб борди.
Ўйин давомида мутлақ устунликка эришган теннисчимиз рақибасига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Қизиқарли кечган ўйинлар давомида ҳамюртимиз рақибасини 11:4,11:3 ва 11:5 ҳисобида доғда қолдирди.
Мафтуна Гулимованинг ишончли ва йирик ғалабаси эвазига Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобдаги устунлигини мустаҳкамлади.
“Президент кубоги” мусобақалари 24 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА