“TalabaЕxpo – 2026”: ёшлар бандлигига хизмат қилаётган муҳим майдон
Жиззах давлат педагогика университети ва “Ёшлар шаҳарчаси”да “Келажакка қадам” дастури доирасида ташкил этилган “TalabaЕxpo – 2026” касблар кўргазмаси ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни замонавий меҳнат бозори талабларига мос йўналтириш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этишга қаратилган йирик платформалардан бирига айланди.
Тадбир Республика “Келажакка қадам” маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилди.

Кўргазмада Жиззах вилоятидаги 5 та олий таълим муассасаси битирувчилари учун 120 дан ортиқ ташкилот томонидан 1300 дан зиёд бўш иш ўрни, амалий дастурлар, инновацион лойиҳалар, стартап ва тадбиркорлик ташаббуслари тақдим этилди. Иш берувчилар билан юзма-юз мулоқот, касбий маслаҳатлар ва мутахассисликлар тақдимоти ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Жорий йилда вилоятдаги олий таълим муассасаларини 9 мингга яқин йигит-қиз бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаётгани, тадбир орқали эса 10 минг нафаргача ёшларни қамраб олиш режалаштирилгани “TalabaЕxpo – 2026”нинг аҳамиятини янада оширди.
Айниқса, Президентимиз раҳбарлигида жорий йил февраль ойида ўтказилган ёшлар билан очиқ мулоқотда ҳар пайшанба “Ёшлар куни” деб белгилангани, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва ташаббусларини рағбатлантириш бўйича берилган топшириқлар амалда ўз ифодасини топаётгани тадбир мазмунида ҳам яққол намоён бўлди.

— Бугун “TalabaЕxpo – 2026” доирасида амалга оширилаётган ишлар давлатимиз раҳбарининг ёшларга оид сиёсати амалдаги ифодасидир, — дейди Республика “Келажакка қадам” маркази директори Элмурод Ҳошимов. — Жорий йилнинг февраль ойида Президентимиз иштирокида ўтказилган мулоқотда ҳар пайшанба “Ёшлар куни” этиб белгиланиб, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, стартап ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар қўйилган эди. Бугунги кўргазма ана шу вазифалар ижросининг амалий ифодаси бўлиб, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш ва меҳнат бозорига интеграция қилишга хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида ташкил этилган очиқ мулоқот ва учрашувларда 6000 дан ортиқ битирувчи талаба иштирок этиб, бандлик, хусусий сектор билан ҳамкорлик, стартап лойиҳалар ва тадбиркорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашди.

Фаол ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 4 нафар битирувчига 1 миллион сўмдан 500 миллион сўмгача бўлган ваучерлар топширилди. Шунингдек, 50 нафардан ортиқ фаол талабалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
14 май куни ўтказилган ярмарка натижалари тадбирнинг амалий самарасини яна бир бор тасдиқлади. Унда 6 минг нафардан ортиқ талаба-ёшлар иштирок этди, 118 та иш берувчи тадбиркорлик субъекти қатнашди. Талабалар томонидан бўш иш ўринлари учун 2785 та электрон ариза топширилди. 2049 нафар талаба иш берувчилар билан суҳбатдан ўтди, 381 нафари аниқ иш ўрнига эга бўлди. Яна 54 нафар ёш тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинди.
“TalabaЕxpo – 2026” нафақат бўш иш ўринлари ярмаркаси, балки ёшларнинг билим ва салоҳиятини реал имкониятлар билан боғлаётган, уларни мустақил ҳаётга ишонч билан қадам қўйишга ундаётган муҳим ижтимоий майдон сифатида аҳамият касб этмоқда.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА