Тошкентда 2 тонна 963 килограмм гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди (+видео)
Гиёҳвандлик инсон саломатлиги, онги ва келажагини емирувчи энг хавфли иллатлардан биридир. У нафақат бир инсоннинг тақдирига, балки оила ва жамият барқарорлигига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, ёшлар орасида наркотик моддаларнинг тарқалиши миллат келажагига таҳдид солувчи хавфли омил ҳисобланади.
Шу боис ҳар йили 26 июнь – Халқаро гиёҳвандлик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш куни сифатида нишонланади. Ушбу сана 1987 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ташаббуси билан жаҳон ҳамжамияти эътиборини мазкур глобал муаммога қаратиш ва унга қарши курашиш мақсадида таъсис этилган.
Мазкур сана муносабати билан Тошкент шаҳрида «Жаҳондаги наркотаҳдидлар: долзарб муаммолар, янги чақириқлар ва уларни бартараф этишнинг инновацион ёндашувлари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат ва ҳудудий комиссиялар аъзолари, 200 га яқин давлат органлари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари, мутахассислар ва экспертлар, 100 га яқин халқаро ташкилотлар ва ҳамкор тузилмалар вакиллари, дипломатик корпус ҳамда консуллик муассасалари ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори в.б. Фарҳод Ҳасанов мазкур халқаро сана барча давлатларни наркотаҳдидларга қарши ҳамжиҳатликда курашишга чорлашини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, Президент фармони билан бу соҳада Миллий стратегия қабул қилинган.
БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда гиёҳванд воситалари тарқалишининг олдини олиш дастури (CADAP-8) раҳбарлари ушбу конференция халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим ташаббус эканини алоҳида таъкидлади.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳлнинг маълум қилишича, бугунги кунда дунё бўйлаб 300 миллиондан ортиқ инсон наркотик моддалар истеъмол қилади. Бу эса миллионлаб оилалар ушбу муаммодан жабр кўраётганини англатади. Шунинг учун наркотрафикка қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Айниқса, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар профилактика ишларини янада кучайтириши зарур.
Конференцияда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Афғонистон, Марказий Осиё, Эрон ва Покистон бўйича минтақавий ваколатхонаси ходими Саломе Флорес 2025 йилдаги жаҳон нарковазиятига бағишланган БМТ ҳисоботини тақдим этди. Унда гиёҳвандлик муаммосининг кенгайиб бораётгани, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар орасида ҳам тарқалаётгани қайд этилди.
Мутахассислар фикрича, бу хавфли тенденцияга қарши самарали курашиш учун давлат идоралари, оила, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият юритиши лозим.
Тадбир доирасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ давлат идоралари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари «Наркотикларга қарши курашиш фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, тарғибот ишларида фаол иштирок этганларга «Тарғибот аълочиси» мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда прекурсорларни йўқ қилиш жараёни онлайн тарзда намойиш этилди.
– Бугунги тадбирда ноқонуний муомаладан олинган 2 тонна 963 килограмм гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди, – деди ДХХ масъул ходими Маҳлиё Валикулова. – Кейинги пайтда қўшни Афғонистондан гиёҳвандлик воситаларини контрабанда йўли билан олиб кириш ҳолатлари кўпаймоқда. Наркокурьерлар наркотик моддаларни турли маҳсулотлар, техник буюмлар ва автотранспорт воситаларига яширган ҳолда мамлакат ҳудудига олиб киришга уринмоқда. Бу каби жиноятларнинг олдини олиш мақсадида қатор самарали тезкор тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги «Термиз» халқаро автомобиль ўтказиш пунктида ўтказилган тезкор тадбир давомида Афғонистондан олиб келинган экскаваторнинг юк кўтарувчи қисмига яширилган 596 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситаси аниқланди. Тошкент шаҳрида жойлашган 6 та нарколаборатория фош этилди. ДХХ ходимлари халқаро ҳамкорлар билан биргаликда бу турдаги жиноятларнинг олдини олиш, ушбу ноқонуний фаолиятни мамлакатимиз ҳудудида ёки хориждан туриб бошқараётган шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Халқаро ҳамкорлик доирасида 2024 - 2026 йилларда 19 махсус тезкор тадбир ўтказилди. Натижада 33 нафар шахс қўлга олиниб, улардан 506 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг гиёҳвандликка қарши муросасиз кураш олиб бораётгани ва аҳоли саломатлиги ҳамда мамлакат келажагини муҳофаза қилиш борасидаги қатъий позициясини яна бир бор намоён этди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IkNk7c4jvOs" title="Toshkentda 2 tonna 963 kilogramm giyohvandlik vositalari yo‘q qilindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Дониёр Ёқубов (видео),
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА