Талаба халқаро танлов ғолиби
Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” халқаро туризм мажмуасида “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро экологик кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган танловда қорақалпоғистонлик талабанинг лойиҳаси иккинчи ўринга муносиб деб топилди.
Марказий Осиёдаги энг йирик экологик майдонлардан бири саналган мазкур нуфузли тадбир экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Кўргазмада дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан келган вакиллар, халқаро ташкилотлар, инвесторлар, экологлар, олимлар, тадбиркорлар ҳамда ёш ихтирочилар иштирок этишди. Тадбир доирасида экологик маҳсулот ва хизматларга бағишланган 68 та корпоратив ва ҳудудий павильон, шунингдек, Марказий Осиёнинг энг истиқболли 20 та экологик стартап лойиҳаси намойиш этилди.

Мазкур халқаро танловда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали 1-босқич магистранти Шаҳида Қарлибаева ўзининг “Ecopost” инновацион лойиҳаси билан фахрли 2-ўринни эгаллади.
Экологик муаммоларга амалий ечим таклиф этувчи мазкур лойиҳа ҳакамлар ҳайъати томонидан долзарблиги, инновацион ёндашуви ва ижтимоий аҳамияти учун юқори баҳоланди. Натижада Шаҳида Қарлибаева танлов ғолиблари қаторидан ўрин олиб, 125 миллион сўм пул мукофоти, диплом ҳамда махсус статуэтка билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, Шаҳида Қарлибаева бугунги муваффақиятга қадар ҳам қатор республика ва халқаро миқёсдаги танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, яқинда ўтказилган “Эко-ташаббус” лойиҳалар танловида ҳам фахрли 2-ўринни қўлга киритган. Шунингдек, у “Рақамли авлод қизлари” республика танловининг финал босқичида муваффақиятли иштирок этиб, Хитой Халқ Республикасига таълим саёҳати йўлланмасини қўлга киритган. Мазкур сафар жорий йилнинг 18 июнь санасида амалга оширилиши режалаштирилган.

Шаҳида Қарлибаеванинг “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмасидаги ушбу ютуғи Қорақалпоғистон Республикаси ёшларининг илм-фан, инновация ва экологик ташаббуслар соҳасидаги салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Шу билан бирга, бу натижа ёшларнинг замонавий билим ва технологияларга таяниб, жамият учун муҳим бўлган ташаббусларни илгари суришга қодир эканини кўрсатди.
Д.Абибуллаев, ЎзА.