Тадбиркорнинг мурожаати ижобий ҳал этилди
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат органлари билан боғлиқ муаммоли мурожаатларини ижобий ҳал этиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсманга Наманган вилоятида фаолият юритувчи “М.В” МЧЖ раҳбари кўп қаватли уйларга кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Маълум бўлишича, кадастр паспортини бериш масаласи 2025 йилнинг октябрь ойидан бери қолиб кетган. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сон қарори билан тасдиқланган “Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти”нинг 16-бандига мувофиқ, кадастр паспорти объектнинг мураккаблигига қараб 5 кундан 40 кунгача бўлган муддатда тайёрланиши белгиланган.
Кадастр органлари томонидан аризалар бир неча маротаба рад этилгач, Бизнес-омбудсман девони аралашуви билан жамиятга тегишли бино ва иншоотларга кадастр паспорти шакллантирилди ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди. Мазкур кўп қаватли турар жойларга кадастр паспортининг расмийлаштирилиши натижасида 2 та 7 қаватли уйдаги 56 та хонадон ҳуқуқий ҳужжатга эга бўлди.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 100 дан ортиқ фуқаронинг доимий бандлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.
Г.Бобоева, ЎзА