Ўзбекистонда хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш тренерлари тайёрланмоқда
Тошкент шаҳрида давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига иш жойида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш бўйича тренерларни тайёрлашга қаратилган тўрт кунлик ўқув-тренинг ўтказилмоқда.
Унда 86 нафар иштирокчи, жумладан, 30 нафари вазирлик ва марказий идораларнинг HR бўлинмаларидан, 28 нафари нодавлат нотижорат ташкилотларидан ҳамда 28 нафари олий таълим муассасаларидан (ҳар бир ҳудуддан 2 нафардан) қамраб олинган.
Маълумот учун, хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш бўйича Миллий дастурга жорий йилнинг 15 октябрь куни старт берилди. Миллий дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 сентябрдаги “Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 28 сентябрдаги 518-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Дастур ижроси Президент Администрацияси ҳузуридаги Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳалар офиси томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.

Ўқув-тренинглар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) томонидан Буюк Британия ҳукумати молиявий кўмаги ҳамда Осиё тараққиёт банки кўмагида ўтказилмоқда.
Тренинглар педагогик тажриба билан бир қаторда тазйиқ ва зўравонлик масалалари бўйича бевосита амалий фаолият олиб борадиган юқори малакали экспертлар томонидан олиб борилмоқда. Махсус ўқувлар давомида тайёрланаётган тренерлар меҳнат жамоаларида учраши мумкин бўлган мураккаб вазиятлар асосида қонунбузарликларнинг олдини олиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиб-таомилларини ўзлаштиради.

Мазкур ёндашув асосида халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига мос равишда қўллаш билан бир қаторда, миллий қадриятларимиз – инсонга, унинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат тамойилларига таяниш муҳим ўрин тутади. Дастур ушбу қадриятларни меҳнат жамоаларидаги кундалик муносабатларда мустаҳкамлаш, уларни аниқ хулқ-атвор қоидалари ва масъулият мезонларида намоён этишни кўзда тутади.
Кадрлар хизматлари ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ҳамда ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун ташкил этилган илк тренинглар республика бўйлаб изчил ўқитиш тизимини йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Тайёрланган тренерлар олган билим ва кўникмаларини ҳамкасбларига етказиб, давлат органлари ва ташкилотларида хавфсиз ҳамда ҳурматга асосланган иш муҳитини кундалик фаолиятнинг ажралмас меъёрига айлантиришга ҳисса қўшади.
Н.Абдураимова, ЎзА