Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш — давлат сиёсатининг устувор йўналиши
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсманнинг Фарғона вилояти шуъбаси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2026 йилнинг ўтган даврида шуъба томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузган 101 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, маъмурий жарималар белгиланди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилишни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича давлат органларига 20 та тақдимнома, 30 та хулоса ва 49 та огоҳлантиришлар киритилди.
Шу билан бирга, 11 та тадбиркорлик субъектининг 4,7 миллиард сўмдан ортиқ дебитор қарздорликларини ундириш бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, 3 та тадбиркорнинг 3,3 миллиард сўмга яқин дебитор қарздорликлари ундирилиши белгиланди, маъмурий органларнинг 4 та қарори ҳақиқий эмас деб топилди.
Умумий ҳолда 430 дан ортиқ мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг 228 таси ижобий ҳал этилди, қолган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Жумладан, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширувлар билан боғлиқ 90 га яқин мурожаатлар кўриб чиқилди.
Мазкур йўналишдаги мурожаатлар асосида Бизнес-омбудсман томонидан белгиланган тартибда амалий ишлар олиб борилиб, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари тикланишига эришилди, шу билан бирга тадбиркорлик субъектларида текшириш тартибини бузган 32 нафар мансабдорларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги, вилоят судлари, Савдо-саноат палатаси ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари билан сайёр қабуллар ва учрашувлар ташкил этилди. Назорат қилувчи органлар ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида семинарлар ўтказилди.
О.Имомов,
Бизнес-омбудсман девони шўъба мудири.