Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатлари янада кучайтирилади
Парламент қуйи палатаси мажлисида тадбиркорлик фаолиятининг кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда бошқа айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилмоқда.
Хусусан, лойиҳада тадбиркорлик субъектларининг тенглиги, ишончнинг ҳимоя қилиниши, мулк дахлсизлиги, тадбиркорликка оид қонунчиликнинг барқарорлиги ва аниқлиги тадбиркорлик фаолиятининг асосий принциплари сифатида белгиланмоқда.
Лойиҳа билан давлат томонидан самарали қўллаб-қувватлаш ва расмий статистика маълумотларини шакллантириш мақсадида тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда.
Шунингдек хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш чекланмоқда ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмаслиги назарда тутилмоқда.

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар реестрининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. Бунда агар бирор-бир талаб ушбу махсус Реестрга киритилмаган бўлса, тадбиркор уни бажармагани учун жавобгарликка тортилмаслиги назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият ёки чекловлар юклатишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилиниши ҳамда улар тартибга солиш таъсири бўйича ижобий баҳоланган тақдирдагина қабул қилиниши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, лойиҳада тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган имтиёз ва преференцияларнинг турлари, муддатлари ҳамда тартибини қамраб олган алоҳида реестр юритиш, масъулиятли бизнес юритиш мезонларини белгилаш, шунингдек, тадбиркорларга нисбатан қўлланилган молиявий санкцияларни бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш имкониятини яратиш ҳам назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан қонун лойиҳаси атрофлича таҳлил қилиниб, депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек тадбиркорлик субъектлари ва экспертлар томонидан билдирилган таклиф ҳамда мулоҳазалар таҳлил қилинди.
Муҳокамалар натижасида қонун лойиҳасининг бир қатор нормалари аниқлаштирилди ва такомиллаштирилди. Жумладан, лойиҳадаги принциплар, хусусийлаштириш натижаларига оид кафолатлар, тадбиркорларга берилган имтиёз ва преференцияларни қўллашга оид ва бошқа кўплаб қоидалар қайта кўриб чиқилди, айрим нормалар амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилди. Ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этишга қаратилган ўзгартишлар киритилди.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мажлисда “Ер қонунчилиги янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш жараёнида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ер участкаларини бозор активига айлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг молиявий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш зарурати ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишга асос бўлган.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер участкаларини бозор активига айлантириш, ер муносабатларида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ер муносабатларидаги ваколатларини аниқлаштириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини беришда (реализация қилишда) улардан фойдаланиш шартларини белгилашга қаратилган.
Шунингдек, унда ер участкаларини бирлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрни қопланмаслигига доир қўшимча ҳолатларни белгилашга қаратилган нормалар лойиҳада ўз аксини топмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг олдини олишга қаратилган нормаларни қонунчиликка мувофиқлаштириш ҳамда солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадлар турини белгилашда фуқаролар манфаатини ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратди.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.