Паллиатив ёрдам нима ва у нега керак?
Ҳар бир жамиятнинг маданияти, маънавий камолоти ва инсон қадрига бўлган муносабати унинг энг заиф, оғир дардга чалинган ва ҳаётининг сўнгги палласини яшаётган инсонларга кўрсатаётган ғамхўрлиги билан ўлчанади. Тиббиёт фақатгина даволашдан иборат эмас, балки давосиз дардга чалинган беморларнинг азобларини енгиллаштириш, уларга муносиб ҳаёт сифатини тақдим этишдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 24 июнда имзоланган «Аҳолига паллиатив тиббий хизматлар кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ана шундай олижаноб ва инсонпарвар мақсад йўлида ташланган тарихий қадамдир.
Лотинча «pallium» – ёпинчиқ, ниқоб сўзидан олинган паллиатив ёрдам тушунчаси даволаб бўлмайдиган оғир касалликка чалинган беморлар ва уларнинг оила аъзолари ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган тиббий, ижтимоий, психологик ва маънавий кўмак тизимини англатади. Унинг бош тамойили касалликдан азоб чекаётган инсонни даволаш, оғриқларни камайтириш ва ҳаётининг охирги кунларини оғриқларсиз, яқинлари қуршовида, тинч ўтказишини таъминлашдир.
Дунё тажрибасида паллиатив ёрдам соғлиқни сақлаш тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Буюк Британия, АҚШ ва Европа давлатларида хоспислар ва мобил паллиатив гуруҳлар ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тизимли равишда ривожланиб келмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти паллиатив ёрдамни инсоннинг соғлиққа бўлган фундаментал ҳуқуқларидан бири деб тан олган.
Шу пайтгача мамлакатимизда паллиатив ёрдам асосан онкологик шифохоналар қошидаги кичик бўлимлар ёки айрим хайрия ташкилотлари томонидан тарқоқ ҳолда кўрсатиб келинар эди. Тизимли, ягона давлат сиёсати даражасидаги тиббий-ижтимоий тузилма мавжуд эмасди. Аҳоли ўртасида эса бу борадаги тушунча анча суст бўлиб, кўпчилик хоспис ёки паллиатив ёрдам деганда умидсизлик маскани ёки бемордан воз кечишни тушунар эди. Ваҳоланки, паллиатив ёрдам таслим бўлиш эмас, балки беморнинг қолган ҳаётини сифатли, оғриқларсиз ва одамийлик шарт-шароитларида яшаб ўтишига кўмаклашишдир. Давосиз дардга чалинган яқинини уй шароитида қандай парвариш қилишни билмай қийналаётган минглаб оилалар учун бундай хизмат ҳақиқий мададкордир.

Янги қарор тарқоқ ва етарлича шаклланмаган тизимни тартибга солиб, мамлакатда паллиатив хизматнинг бутунлай янги, инсонпарвар ва рақамлашган моделини яратишга хизмат қилади. Ушбу ҳужжат билан 2026 йил 1 октябрдан бошлаб республикада мобил паллиатив бригадалар фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди. Улар оғир беморларнинг уйига бориб, тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатади. Дастлаб Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида тажриба тариқасида бошланиб, кейинчалик бутун мамлакат бўйлаб кенгайтириладиган ушбу тизим доирасида ҳудудларда босқичма-босқич хоспислар ташкил этилади. Эътиборлиси, эндиликда нодавлат тиббиёт ташкилотларига ҳам паллиатив ёрдам кўрсатишга рухсат берилади ва уларнинг хизмати Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қарорга мувофиқ, 2026-2028 йилларда Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ва Бухоро вилоятларида жами 200 ўринли янги хоспислар барпо этилади. Хусусан, Самарқанд вилоятида оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар учун Болалар хоспис маркази ташкил этилмоқда. Ушбу марказ стационар ва мобил шаклда хизмат кўрсатиб, болажонларга алоҳида меҳр ва профессионал парвариш тақдим этади. Беморларни сарсон қилиб, қайта-қайта текширувлардан ўтказишга чек қўйиш мақсадида «E-palliative» электрон ахборот тизими ишга туширилади ва унда қайд этилган беморларга қўшимча тиббий текширувларсиз ногиронлик белгиланади. Беморларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, зарур оғриқ қолдирувчи воситалар реимбурсация дастури асосида таъминланади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан эса уйда ётган беморларга функционал каравот ва махсус матраслар ваучер тизими асосида бепул тақдим этилади.
Оғир беморнинг яқинлари ҳам катта руҳий тушкунликка тушишини инобатга олиб, Тошкент шаҳар ҳудудлараро хосписи қошида Оилани қўллаб-қувватлаш хизмати йўлга қўйилади. Бу ерда яқинларга парвариш қоидалари ўргатилади ва уларга психологик ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, беморлар ва уларнинг оила аъзоларига маънавий тасалли бериш мақсадида диний соҳа вакилларининг ташрифлари уюштирилади.

Қарорда тизимнинг ривожланиш босқичлари аниқ кўрсаткичларда белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра 2030 йилга бориб аҳолининг паллиатив ёрдам билан қамраб олиниш даражаси камида 80 фоизга етказилади. Бу, ёрдамга муҳтож ҳар 10 нафар бемордан камида 8 нафари беминнат тиббий ғамхўрлик билан қамраб олинишини англатади.
Мазкур ҳужжат оғир дард билан курашаётган ҳар бир ватандошимизнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, уларнинг оилаларига елкадош бўлиш борасидаги давлатнинг юксак масъулияти ва халқпарварлик сиёсатининг амалдаги яққол ифодасидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА