Журналистлар Нукус туманида амалга оширилаётган ислоҳотларни ўрганди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида медиа-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси матбуот хизмати, Нукус тумани ҳокимлиги ҳамда уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Медиа-тур иштирокчилари дастлаб Дийқан арна маҳалласида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар, бандликни таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишлар билан танишди.
Маҳалладаги 883 та хонадонда 4 минг 517 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ерда фуқаролар мурожаатларини масъулларга бевосита йўллаш имконини берувчи махсус электрон киоск ўрнатилган.
Шунингдек, маҳалла фаолиятига замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект имкониятларини жорий этишга эътибор қаратилмоқда. Бундай ёндашув аҳоли муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга манзилли ечим топишга қаратилган.
Маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ҳамда болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида ҳам профилактик тадбирлар олиб борилмоқда. Масъулларнинг маълум қилишича, маҳалла еттилиги ҳамкорлигида амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган 10 ойида ҳудудда бирорта ҳам жиноят, тазйиқ ёки зўравонлик ҳолати қайд этилмаган.
Журналистлар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилган ташаббуслар билан ҳам танишди.
Хусусан, асаларичилик соҳасида кўп йиллик тажрибага эга тадбиркор Бахтиёр Жубаев фаолияти медиа-тур иштирокчиларида қизиқиш уйғотди. Соҳани ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Дўстлик” ордени билан тақдирланган тадбиркор ўз тажрибаси, фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ёшларни асаларичиликка жалб этиш борасидаги режалари ҳақида сўзлаб берди.
Медиа-тур давомида журналистлар экспортбоп қовун қоқи тайёрлаш фаолияти билан ҳам танишди. Маълум қилинишича, ушбу маҳсулотнинг бир килограмми 6 доллардан 15 долларгача баҳоланади.
[gallery-32326]
Иштирокчилар маҳсулотни тайёрлаш жараёни, уни ташқи бозорга чиқариш имкониятлари ҳамда маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган шароитлар ҳақида маълумот олди.
Медиа-тур маҳаллалардаги ўзгаришлар, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги тажрибаларни кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА