Тадбиркорларга солиқ тизимидаги ўзгариш ва имтиёзлар тушунтирилди
Сирдарё вилояти солиқ бошқармасида Солиқ қўмитасининг масъул ходими иштирокида тадбиркорлик субъектлари ва ҳисобчилар учун амалий семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликларни қисқартиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари мазмун-моҳияти атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, бизнес вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, назорат тадбирларини тартибга солиш, шунингдек, солиқ мажбуриятларини бажаришда яратилган янги имкониятлар хусусида фикр алмашилди.
Хусусан, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга уч йиллик мораторий жорий этилаётгани эътиборга молик янгилик сифатида қайд этилди. Бунда жиноят иши доирасидаги текширувлар, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилишини текшириш, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш ҳамда тадбиркорлик субъектини тугатиш билан боғлиқ айрим ҳолатлар бундан мустасно экани таъкидланди.
Шунингдек, такрорий текширувларни Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказиш тартиби, “Биринчи хато учун — огоҳлантириш” тамойилининг жорий этилиши ҳақида сўз юритилди. Унга кўра, биринчи марта қоидабузарликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида инсон ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.
[gallery-31334]
Тадбиркорлар учун муҳим янгиликлардан яна бири — “Иккинчи имконият” иқтисодий амнистия. Белгиланган шартларга мувофиқ, 2026 йил 31 декабрга қадар солиқ қарздорлиги тўлиқ қопланган тақдирда, ҳисобланган пеняни бекор қилиш имконияти мавжуд. Шунингдек, тадбиркор солиқ ҳисоботларидаги хатоларни мустақил равишда тузатиб, қўшимча ҳисобланган солиқни белгиланган муддатда тўласа, ушбу суммага пеня ҳисобланмаслиги назарда тутилган.
Янги тартиблар орасида давлат хизматларининг 50 фоизини “сукут — розилик” тамойили асосида кўрсатиш, айрим тадбиркорлик субъектлари учун электр энергияси ва табиий газ бўйича олдиндан тўланадиган ҳақ миқдорини 15 фоиз этиб белгилаш ҳамда бизнес вакилларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чоралар бор. Ташқи савдо операциялари билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун белгиланган имкониятлар ҳам семинар иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Жумладан, экспорт операциялари бўйича юзага келган муддати ўтган дебитор қарздорликларни тадбиркорлик субъектининг ўз маблағлари ҳисобидан сўндиришга рухсат берувчи 2027 йил 1 январга қадар бир марталик умумдавлат акцияси ўтказилаётгани айтиб ўтилди.
— Бугунги семинарда тадбиркорлар учун муҳим бўлган кўплаб янгиликлардан хабардор бўлдик. Айниқса, текширувларга мораторий жорий этилиши бизнес вакиллари учун катта қулайлик деб ўйлайман. Бу вақт ва ресурсларни назорат тадбирларига эмас, балки ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтириш имконини беради. “Иккинчи имконият” иқтисодий амнистия эса солиқ қарздорлиги мавжуд тадбиркорлар учун муҳим қўллаб-қувватлов бўлди, — деди Сирдарё вилояти солиқ бошқармаси шуъба бошлиғи Илғор Халилов.
Учрашув сўнгида тадбиркорларга янги тартиб ва имтиёзлардан фойдаланиш шартлари, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўғри бажариш, ҳисоботларни юритиш юзасидан амалий тавсиялар тақдим этилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга Солиқ қўмитаси ҳамда вилоят солиқ бошқармаси мутахассисларидан жавоб олдилар.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА