Янги Тошкентда Сурхондарё вилояти учун ажратилган юз гектар ер майдонида қурилиш ишлари бошланди
Президентимизнинг жорий йил 12 октябрь куни Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвесторлар ва тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ҳар бир вилоят учун 100 гектардан ер майдони ажратиш ҳамда ушбу ҳудудларда вилоятларнинг ўзига хос архитектура ечимларини акс эттирувчи лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси белгиланган эди.
Мазкур вазифалар ижроси доирасида Янги Тошкент шаҳрида Сурхондарё вилояти учун ажратилган 100 гектар ер майдонида қурилиш ишларига старт берилди.
Тадбир доирасида Сурхондарё вилояти учун ажратилган ҳудудда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, шунингдек, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган сурхондарёлик мутасаддилар ҳамда қурилиш компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Лойиҳага мувофиқ, 100 гектар майдонда замонавий турар жойлар, бизнес марказлари, туризм мажмуалари, тадбиркорлик объектлари, ижтимоий соҳа муассасалари ва зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилади. Бунда ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини акс эттириш, миллий қадриятларни замонавий шаҳарсозлик ечимлари билан уйғунлаштириш ҳамда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳудуднинг 30 фоизида яшил майдонлар ва кўкаламзор ҳудудлар ташкил этиш режалаштирилган.

Тақдимот давомида лойиҳаларни такомиллаштириш, ер майдонидан самарали фойдаланиш ва қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Масъулларга белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Тақдимотдан сўнг Сурхондарё вилояти учун ажратилган 100 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланди.
Н.Абдураимова, ЎзА