Тадбиркорлар учун янги имкониятлар
Давлат мулкидан самарали фойдаланиш, хусусий сектор улушини кенгайтириш ва инвестицияларни жалб этиш иқтисодий тараққиётнинг муҳим омилларидан биридир. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда мулкдорлар қатламини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш ҳамда давлат активларини иқтисодий айланмага фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро шаҳрида Давлат активларини бошқариш агентлигининг анъанавий Roadshow тақдимоти ўтказилгани ҳам ушбу йўналишдаги ишларнинг амалий ифодаси бўлди.
Тақдимотда тадбиркорлар, инвесторлар ва кенг жамоатчилик вакилларига хусусийлаштиришга чиқарилаётган давлат активлари, ер участкалари ҳамда мавжуд инвестиция имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Асосий эътибор мулкни сотиш жараёнини таништириш билан бирга, унинг иқтисодий салоҳиятини очиш, бўш турган объектларни фаолиятга жалб этиш ва янги лойиҳалар учун шароит яратишга қаратилди.
Мазкур тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Шаропов, Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Нодирбек Ҳусанов, агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фирдавс Норов, “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш” акциядорлик жамиятининг ҳудудий вакили Сулаймон Юнусов, Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Файзулло Эргашев, ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари, 300 нафардан ортиқ тадбиркор ва инвесторлар, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди.
Тақдимот давомида давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Муҳими, иштирокчиларга мулкни харид қилиш тартиби, электрон аукционларда қатнашиш ва белгиланган шартлар асосида тўловларни амалга ошириш имкониятлари тушунтирилди.

— 2026 йилда фуқаролар ва тадбиркорларга доимий фойдаланиш, ижара ҳамда умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган, умумий майдони 30,7 гектарни ташкил этувчи 313 та ер участкаси 5,4 миллиард сўмга хусусийлаштирилди, — деди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фирдавс Норов. — Бунинг натижасида улар ер участкаларидан мулкий ҳуқуқлар доирасида самарали фойдаланиш, жумладан, гаровга қўйиш ёки бўлиб-бўлиб сотиш имкониятига эга бўлди.
Келтирилган рақамлар ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш ва мулкдорлик имкониятларини кенгайтириш тадбиркорлик фаолияти учун қанчалик муҳим эканини кўрсатади. Ер участкаси ёки кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқларнинг аниқ белгиланиши тадбиркорга узоқ муддатли режалар тузиш, молиявий ресурсларни жалб этиш ва янги иш ўринлари яратиш учун замин яратади.
Жорий йил давомида савдоларга умумий қиймати 1 триллион 347,6 миллиард сўмлик 69 та давлат активи чиқарилди. Шундан 28 таси 101,6 миллиард сўмга сотилди. Айни пайтда электрон аукционларда умумий қиймати 1 триллион 455,6 миллиард сўмлик 80 та давлат активи савдога қўйилган.
Шунингдек, электрон онлайн-аукционлар орқали умумий майдони 159,3 гектар бўлган 824 та ер участкаси 381,8 миллиард сўмга сотилди. Ҳозирда умумий майдони 854,2 гектарни ташкил этувчи ер участкалари бўйича электрон савдолар давом этмоқда.
Бу кўрсаткичлар хусусийлаштириш жараёнида тадбиркорлар учун янги имкониятлар мавжудлигини кўрсатади. Бироқ масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор: активнинг сотилиши якуний мақсад эмас. Ундан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодиётига қўшимча қиймат олиб кириш хусусийлаштиришнинг амалий самарасини белгилайди.

Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 177-сон Фармони билан тасдиқланган 2026 йилга мўлжалланган хусусийлаштириш дастури доирасидаги имкониятларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Унга мувофиқ, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини харид қилишда қийматнинг 15 фоизи миқдорида бўнак тўлаш, қолган суммани эса қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган.
Бундай тартиб харидорнинг дастлабки молиявий юкини камайтиришга ва мавжуд маблағларини ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки бошқа инвестиция лойиҳаларига йўналтиришига кўмаклашиши мумкин. Бу, айниқса, фаолиятини кенгайтиришни режалаштираётган тадбиркорлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, тақдимотда Қорақалпоғистон Республикасидаги давлат кўчмас мулк объектларини харид қилишга оид алоҳида имтиёз ҳам тушунтирилди. Унга кўра, объект қиймати 2027 йил 1 январга қадар олти ой давомида тўлиқ тўланган тақдирда, шартнома қийматидан 25 фоиз чегирма бериш белгиланган. Мазкур имконият айнан Қорақалпоғистон Республикасидаги объектларга тааллуқли бўлиб, уни бошқа ҳудудларга нисбатан умумий имтиёз сифатида талқин қилмаслик лозим.

Умуман, Бухорода ўтказилган Roadshow тақдимоти давлат активларини хусусийлаштириш жараёнида очиқликни таъминлаш, инвесторлар билан мулоқотни кенгайтириш ва мавжуд иқтисодий имкониятларни кенг жамоатчиликка етказиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Бундай учрашувлар тадбиркорларга қарор қабул қилишдан олдин зарур маълумотларни олиш, ўз лойиҳаларини режалаштириш ва янги ташаббусларни амалга ошириш имконини беради.
Энг муҳими, давлат мулкининг иқтисодий айланмага киритилиши фақат савдо кўрсаткичлари билан эмас, балки унинг негизида яратилган янги иш ўринлари, йўлга қўйилган ишлаб чиқариш, кўрсатилган хизматлар ва ҳудуд тараққиётига қўшилган ҳисса билан баҳоланади. Демак, хусусийлаштиришдан кўзланган асосий мақсад — мавжуд ресурсларни иқтисодий фаоллик манбаига айлантириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган янги имкониятларни юзага чиқаришдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири