Давлат харидлари билан боғлиқ суд амалиёти ўрганилиши натижасида 36 та жиноят иши қўзғатилди
«Ҳакамлик судлари фаолияти янада такомиллаштирилиши ҳамда бюджет интизоми кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун 2026 йил 24 июлдан кучга кирган.
Мазкур қонун билан бир қатор ҳуқуқий ҳужжатларга муҳим ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Ер билан боғлиқ, бинолар ва иншоотларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳамда бюджетдан пул ундиришга доир низолар ҳакамлик судлари томонидан ҳал этилмаслиги мустаҳкамланди.
Бюджет интизоми мустаҳкамланиши ва масъул шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилиши назарда тутилди.
Қонун ҳакамлик судлари фаолиятини ташкил этишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, малакали ҳакамлик судьялари корпусини шакллантириш ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Хусусан, Бюджет кодексининг 187-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилмаган ёки рўйхатдан ўтказилиши рад этилган шартномалар (ҳамда уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар) асосида товар, иш ва хизматларни қабул қилиб олиш бюджет интизомини бузиш деб баҳоланиши белгиланди.
Бош прокуратуранинг Иқтисодий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармаси томонидан жорий йилда иқтисодий судларда давлат харидлари билан боғлиқ низолар кўрилиши бўйича суд амалиёти ўрганилиб, умумлаштирилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 36 та жиноят иши қўзғатилди. 124 нафар шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди.
Бюджетдан 420,2 миллиард сўм ундириш ҳақидаги 682 та суд ҳужжати устидан 449 та протест, 203 та шикоят ва 30 та ариза киритилиши таъминланди.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги Жиноят кодексининг 184-1-моддасида бюджет интизомини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Эндиликда ғазначилик бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилмаган ёки рўйхатдан ўтказилиши рад этилган шартномалар асосида товарлар, ишлар ва хизматларни қабул қилиб олиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Ушбу қонун билан, шунингдек, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги ва «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунларга ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қонуннинг муҳим жиҳати – бюджет маблағларидан қонуний ва мақсадли фойдаланиш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳакамлик судлари фаолиятида қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашдан иборат.
Н.Абдураимова,
ЎзА