Табиатга муносабат — миллатнинг маданияти, давлатнинг масъулияти
Дунё бугун ноаниқлик ва зиддиятлар гирдобида. Савдо урушлари, энергия инқирозлари, минтақавий можаролар ва инфляция тўлқини кўплаб давлатларни қийин синовга солмоқда. Айни шу фонда Ўзбекистон изчил ва жадал суръатларда олдинга интилмоқда. Буни халқаро молия институтлари, нуфузли нашрлар ва дунё экспертлари ҳам эътироф этмоқда. Бундай мураккаб шароитда мамлакат тараққиётининг барқарорлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида эълон қилинган етти миллий дастур айнан шу мақсадларга хизмат қилади. Хусусан, сув ва табиий ресурсларни тежаш, экологик барқарорликка эришишга қаратилган тўртинчи миллий дастур мамлакатимизда экологик сиёсатнинг янги босқичи бошланганидан далолат беради. Шу ва бошқа долзарб масалалар юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев билан суҳбатлашдик.
— Дунё бугун жиддий геосиёсий турбулентлик ва иқтисодий депсиниш даврини бошидан кечирмоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон нафақат барқарорлигини сақлаб қолмоқда, балки жадал суръатларда ривожланмоқда. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
— Ҳақиқатан ҳам бугун дунё жуда мураккаб бир паллани бошдан кечирмоқда. Савдо тўсиқлари, логистика занжирларининг узилиши, геосиёсий можаролар — буларнинг барчаси кўплаб мамлакатларнинг иқтисодиётига оғир зарба бермоқда. Хўш, шундай шароитда Ўзбекистон қандай қилиб ўсишни давом эттирмоқда — бу ҳақли савол?
Жавоби оддий: чунки бизда изчил, узоқни кўзлаган ва айни пайтда халқ манфаатига хизмат қиладиган давлат сиёсати бор. Президентимиз Ш.Мирзиёев давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган нутқида буни жуда аниқ таъкидладилар: глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, биз 2030 йилга режалаштирилган 160 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулот кўрсаткичига шу йилнинг ўзидаёқ эришмоқдамиз. Бу тасодиф эмас, бу сиёсий ирода ва ақлли ўйланган кўп векторли сиёсат натижасидир.
Рақамларга эътибор қаратсак, агар илгари иқтисодиётимизга йилига атиги 2–3 миллиард доллар хорижий инвестиция кирган бўлса, бугун бу кўрсаткич 40–50 миллиард долларга етди. Халқаро валюта жамғармасининг расмий баёнотида ҳам 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоиз ўсгани, ишсизлик даражаси пасайгани, инфляция эса сезиларли даражада камайгани алоҳида таъкидланган. Бундай натижа минтақамизда, ҳатто бутун Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Демак, дунё ларзонлик, турбулентлик исканжасида қолган пайтда ҳам биз ўз йўналишимизни йўқотмаяпмиз, аксинча, мустаҳкамлаяпмиз.
— Дунё ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар ва нуфузли нашрлар Ўзбекистондаги ўзгаришларни қандай баҳоламоқда? Бунга мисоллар келтира оласизми?
— Мисоллар кўп ва улар тасодифий эмас, изчил тизимли эътирофлардир. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Вашингтон шаҳри мэри Мюриэль Баузер 2026 йил 1 сентябрни Колумбия округида расман “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни” деб эълон қилди. Ҳужжатда алоҳида таъкидланганидек, бу қарор Ўзбекистоннинг “халқаро ҳамжамиятдаги ортиб бораётган обрў-эътиборини” тан олиш ифодасидир. Ўйлаб кўринг, АҚШнинг пойтахтида бошқа бир давлатнинг мустақиллик кунини расман нишонлаш қарори қабул қилиниши бу оддий ҳодиса эмас.
Худди шундай, Хитойнинг нуфузли “Lookwe” журнали Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига махсус сонини бағишлаб, мамлакатимиздаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини инглиз ва хитой тилларида дунё жамоатчилигига етказди. Бу нашр Хитойнинг вазирлик ва идоралари, дипломатик ваколатхоналари, халқаро ташкилотлари ҳамда йирик таҳлил марказлари орасида тарқатилмоқда. Демак, бизнинг тажрибамизни энг юқори даражада дунё ўрганмоқда.
Молиявий институтларга келсак, Халқаро валюта жамғармаси 2026 йилги якуний баёнотида Ўзбекистон иқтисодиётининг 2025 йилдаги ўсишини “ғайриоддий даражада кучли”, деб таърифлади. Жаҳон банки эса Ўзбекистонни Европа ва Марказий Осиёнинг энг тез ўсаётган бешта иқтисодиёти қаторига қўшди. Бунга Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан эълон қилинган 13,7 миллиард долларлик инвестиция ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонни ўзининг энг устувор беш йўналишидан бирига киритиб, 90 дан ортиқ лойиҳага 2 миллиард евродан зиёд маблағ ажратгани ҳам мисол бўла олади. “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизнинг 80 поғонага яхшилангани ҳам мустақил, четдан келган баҳолар, биз ўзимиз айтган гаплар эмас.
— Сизнингча, бундай натижаларнинг тагида қандай сиёсат ётибди?
— Мен буни бир сўз билан таърифлайман — давлатимиз раҳбарининг оқилона ва одилона кўп векторли сиёсати. Президентимиз мустақиллик байрамидаги нутқида ҳам буни алоҳида таъкидлади: “кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсат”ни давом эттириш, бу шунчаки шиор эмас, амалда исботланган йўналиш.
Бугунги кунда мамлакатимиз дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди. Марказий Осиёда аҳил қўшничилик муҳити яратилди, чегара масалалари тинч йўл билан ҳал қилинди, бу минтақамиз тарихида жуда муҳим ютуқ. Шу билан бирга, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани мамлакатлари, араб-мусулмон дунёси билан алоқалар мустаҳкамланмоқда, Шарқий Европа, Африка, Лотин Америкасида эса янги йўналишлар очилмоқда. 2027–2029 йилларда эса Ўзбекистон 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган Қўшилмаслик ҳаракатига илк бор раислик қилади, бу жаҳон сиёсатида мамлакатимизнинг обрў-эътиборини янада кучайтиради.
Мана шу — на Шарққа, на Ғарбга қарам бўлмаган, барча билан тенг ҳуқуқли ҳамкорлик қиладиган, миллий манфаатни устувор қўядиган сиёсат бугунги геосиёсий турбулентлик шароитида Ўзбекистонга барқарорлик ва тараққиёт олиб келмоқда. Бошқа мамлакатлар турли блокларга қарамлик туфайли қийналаётган пайтда, айнан кўп векторли, мустақил йўл бизни ҳимоя қилмоқда ва ривожлантирмоқда.
— Президентимизнинг ўттиз беш йиллик байрам тантанасидаги нутқида эълон қилинган етти миллий дастур катта эътиборга сазовор бўлди. Сиз буни қандай баҳолайсиз?
— Бу — ҳақиқатан ҳам тарихий эълон, десам муболаға бўлмайди. Президентимиз ўзлари таъкидлаганидек, мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда ва келгуси ўн йиллик — миллий юксалиш даври бўлади. Еттита миллий дастур — таълим ва малака, соғлиқни сақлаш, юқори технологик иқтисодиёт, сув ва экология, суд мустақиллиги ҳамда қонун устуворлиги, маҳалла, ва ниҳоят тинчлик ҳамда дўстлик диёри сифатидаги халқаро нуфуз — булар бир-биридан ажралган эмас, балки бир бутун, узвий тизимни ташкил этади.
Бу дастурларнинг энг муҳим жиҳати уларнинг барчаси, охир-оқибат “Инсон қадри учун!” деган ягона ғоя атрофида бирлашганида. Демак, гап фақат иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида эмас, балки ҳар бир фуқаронинг турмуш сифати, соғлиғи, билими ва яшаш муҳити ҳақида бормоқда. Мана шунинг учун ҳам мен буни давлат ва жамиятимиз ривожига берилаётган янгича тўлқин ва импульс, деб атайман.

— Экологик партия раҳбари сифатида, шубҳасиз, сиз учун энг яқин ва долзарб мавзу — тўртинчи миллий дастур, яъни сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш масаласи. Бу дастур нега айнан бугун бунчалик муҳим?
— Тўғри таъкидладингиз, бу мен учун назарий эмас, амалий ва ҳар куни дуч келадиган масала. Президентимиз нутқларида жуда аниқ ва теран бир фикрни айтдилар: “Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади”.
Мана шу гапнинг ортида бутун бир минтақанинг келажаги туради. Марказий Осиё иқлим ўзгаришидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан биридир. Сув танқислиги, музликларнинг эриши, чўлланиш жараёнлари — булар эртанги кун учун эмас, бугуннинг ўзи учун таҳдид. Шунинг учун Президентимиз белгилаган вазифа — келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш умуммиллий маррага айланиши керак, деган фикрга мен тўла қўшиламан. Бу оддий кўрсаткич эмас, бу аниқ қўйилган юксак мақсад, келажак авлодларимиз олдидаги юксак масъулият ва “яшил” ривожланиш стратегиясидир.
Шу билан бирга, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатининг янги сифат босқичига олиб чиқилиши ҳам жуда муҳим. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилиниши, яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказиш вазифаси қўйилгани, булар ҳар биримизнинг, ҳар бир оиланинг соғлом муҳитда яшашига бевосита таъсир қилади. Президентимиз айтганидек, “табиатга муносабат — халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир”. Мен буни партиямизнинг асосий шиори, десам бўлади.
— Экологик партия ва сизнинг фракциянгиз бу дастурни амалга оширишда қандай аниқ қадамлар қўймоқчи?
— Бизнинг вазифамиз — сўзни ишга айлантириш. Биринчидан, парламент даражасида сув тежаш технологияларини жорий этишни рағбатлантирувчи, деҳқон ва фермерлар учун имтиёзли шароитлар яратувчи қонунчилик базасини мустаҳкамлашда фаол иштирок этамиз.
Иккинчидан, “маҳаллабай” тизими орқали ҳар бир маҳаллада сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича амалий тарғибот ишларини кучайтирамиз. Чунки биз тажрибадан биламизки, қонун қанчалик мукаммал бўлмасин, у халқ қалбига етиб бормаса, натижа бермайди.
Учинчидан, ёшлар орасида экологик тарбия ва волонтёрлик (кўнгиллилик) ҳаракатларини кенгайтиришни давом эттирамиз. Сабаби, келажак авлод табиатга масъулиятли муносабатда улғайиши шарт.
Тўртинчидан, халқаро молия институтлари: Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби ташкилотлар билан ҳамкорликда иқлим молиялаштируви лойиҳаларини мамлакатимизга жалб қилиш борасида таклифлар ишлаб чиқамиз. Ва, албатта, парламент назорати орқали ҳар бир вилоятда сув тежаш кўрсаткичлари қандай бажарилаётганини доимий кузатиб борамиз. Чунки бу дастур қоғозда эмас, далада, ариқда, каналда, томчилатиб суғориш тизимларида амалга ошиши керак.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, табиатга муносабат — ҳар биримизнинг шахсий масъулиятимиз бўлмоғи керак. Президентимиз белгилаб берган йўналишлар, айниқса, тўртинчи миллий дастур доирасидаги вазифалар фақат ҳукумат ёки парламентнинг иши эмас, бу бутун миллатнинг умумий ишидир.
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.