Улкан масъулият юки
Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим, Президент, ихтисослаштирилган мактаб-интернат ҳамда нодавлат мактабларида “Билимлар куни” кенг нишонланди, “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида ҳам ана шу тадбирлар юқори савияда ўтказилиб, дарсларимиз “Келажак соати” машғулотлари билан бошланди.
Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизими бутунлай янги босқичга кўтарилди. Умумтаълим, ихтисослаштирилган мактаблар моддий-техник базаси мустаҳкамланди, ўқитиш жараёнига илғор иш услублари, педагогик технологиялар, хорижий тажрибалар татбиқ этилмоқда, ўқувчиларни хорижий тилларни ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу эътибор туфайли ўқувчиларимиз пухта билим олиб, юқори натижаларга эришмоқда. Масалан, жорий йилда мактабимизни тамомлаган 34 нафар ўқувчи 100 фоиз, жумладан, уларнинг 15 нафари давлат гранти, 19 нафари тўлов-контракт асосида юртимиз ва қатор хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.
Бир сўз билан айтганда, таълим тизимидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган хайрли ишлар ва эришилаётган ютуқлар замирида Президентимизнинг таълим тизимига қаратаётган эътибори, соҳани ривожлантириш бўйича илгари сураётган ташаббуслари ётади.
Ана шу эътиборни Давлатимиз раҳбарининг куни кеча “Билимлар куни” муносабати билан мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига йўллаган табриги мисолида яна бир кўришимиз мумкин.
Президентимизнинг: Бундай билимли, зукко, тиришқоқ ва интилувчан, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган фарзандларимиз тимсолида биз Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўрамиз. Уларнинг ҳар бирини гуркураб ўсадиган азим дарахт, ёруғ истиқболимиз устунлари этиб тарбиялаш – муқаддас вазифамиздир.
Мактаб бағридан катта ҳаётга йўлланма оладиган фарзандларимиз пухта билим билан бирга, албатта, камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаб чиқиши учун барча шароитларни яратамиз”, деган сўзлари шубҳасиз, ҳар бир педагогни руҳлантиради, куч-шижоат беради, қолаверса, зиммасига улкан масъулият юклайди.
Айни кунда 274 нафар ўқувчи таҳсил олаётган Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли ижод мактаби педагогик жамоаси ҳам Президентимизнинг даъватидан куч олиб, ўқувчиларга пухта билим бериш, ижодий, интеллектуал салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш учун астойдил меҳнат қилади.
Мақсадимиз, фарзандларимизни билимдон, юксак салоҳиятли, улуғ аждодларимизга муносиб, юртимиз равнақи ва порлоқ келажаги йўлида фидойи инсонлар қилиб тарбиялашдир.
Шоҳистахон Нурматова,
Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби директори.