Суюлтирилган газ бозорини такомиллаштириш бўйича очиқ мулоқот ўтказилди
Мамлакатимизда аҳолини суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу борада хизматлар сифатини ошириш, замонавий бозор механизмларини жорий этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида энергетика вазири Шерзод Хўжаев ва Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида вилоятда суюлтирилган газ сотиш фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Мулоқотда аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш, хизматлар сифатини оширишга қаратилган техник-иқтисодий ва ҳуқуқий масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Масъуллар қайд этганидек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз ва сифатли таъминлаш, хизматлар самарадорлигини ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда бозорда нархларнинг асоссиз ошишига йўл қўймасликка қаратилган.
Тадбирда Андижон вилояти мисолида суюлтирилган газни етказиб бериш ва сотиш тизимини босқичма-босқич эркин бозор тамойиллари асосида йўлга қўйиш, соҳага хусусий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш, рақобат муҳитини янада ривожлантириш ҳамда истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, улар фаолиятида юзага келаётган масалаларни ҳал этиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шундан сўнг Энергетика вазири суюлтирилган газ тақсимлаш станциясига ташриф буюриб, суюлтирилган газни қабул қилиш, сақлаш ва аҳолига етказиб бериш жараёнлари, шунингдек, объектда амалга оширилаётган ишлар билан жойида танишди.
Танишув якунида билдирилган таклиф ва ташаббуслар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА