Обод ва хавфсиз маҳаллалар сони ортмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда маҳалла институти давлат сиёсатининг ва иқтисодий ислоҳотларнинг бош таянчига айланди. 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши тизимда бошқарув, молия ва инфратузилма йўналишларида мутлақо янги даврни бошлаб берди.
Хусусан, «маҳалла еттилиги» фаолиятининг такомиллаштирилиши, ҳудудларга тўғридан-тўғри молиявий ваколатларнинг берилиши ҳамда инфратузилмани яхшилашга қаратилган маблағлар ҳар бир гўшада туб ўзгаришларни бошлаб юборди.
Жумладан, пойтахтимиздаги Ал-Хоразмий ва Кўтарма маҳаллаларида ҳаёт сифати яхшиланди.
“Обод маҳалла” дастури доирасида Чилонзор туманининг Ал-Хоразмий ва Кўтарма маҳаллаларида турар жойлар, йўл инфратузилмаси, яшил ҳудудлар ҳамда аҳоли дам олиши учун мўлжалланган масканлар янгиланди.
Ал Хоразмий маҳалласида 7 та кўп қаватли уйнинг 17 минг 500 квадрат метр фасад қисми таъмирланди. 7 250 квадрат метр майдонда суғориш тармоқлари ўрнатилиб, 1 та қудуқ қазилди ва шунча майдонда яшил ҳудуд барпо этилди.

Маҳаллада 8 000 квадрат метр ички йўл, 1 268 квадрат метр пиёдалар йўлаги ва 650 квадрат метр велойўлак қурилди. Аҳолининг спорт билан шуғулланиши ва мазмунли ҳордиқ чиқариши учун 2 та стадион, 4 та спорт майдончаси, 4 та болалар майдончаси, 1 та хиёбон, 7 та дам олиш айвончаси, 1 та амфитеатр ҳамда 1 та нуронийлар маскани ташкил этилди.
Шунингдек, ирригация тармоғи таъмирланиб, бетон бордюр ўрнатилди ва 100 метр бордюр янгиланди.
Кўтарма маҳалласида эса 5 та кўп қаватли уйнинг 14 минг 300 квадрат метр фасад қисми таъмирланди. 5 000 квадрат метр майдонда суғориш тармоқлари ўрнатилиб, яшил ҳудуд яратилди.
Ҳудудда 6 560 квадрат метр ички йўл, 950 квадрат метр пиёдалар йўлаги ва 300 квадрат метр велойўлак қурилди. Бундан ташқари, 1 та стадион, 1 та спорт майдончаси, 1 та болалар майдончаси, 1 та хиёбон, 2 та дам олиш айвончаси ҳамда 1 та амфитеатр барпо этилди.
Муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш доирасида 200 погон метр ирригация тармоғи таъмирланди, 330 погон метр бетон бордюр ўрнатилди ва 80 метр бордюр янгиланди.
Амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида маҳаллаларнинг қиёфаси янгиланиб, аҳоли учун қулай, обод ва замонавий яшаш муҳити яратилди.
Маҳалла ободонлиги — бу ҳудудларни тоза сақлаш, кўкаламзорлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш. Бу ишлар аҳоли фаоллиги ва давлат кўмагида амалга оширилади.

Шунга кўра, “Обод маҳалла” дастури доирасида Чилонзор туманининг Оқтепа ва Боғзор маҳаллаларида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ҳудудларда 23 минг 100 квадрат метр суғориш тармоқлари барпо этилиб, 3 та қудуқ қазилди ҳамда 23 минг 100 квадрат метр яшил ҳудуд яратилди. Кўп қаватли уйларнинг 2 250 квадрат метр том қисми таъмирланди. Шунингдек, 33 та уйнинг жами 82 минг 800 квадрат метр фасад қисми янгиланди.
Йўл ва пиёдалар йўлаги инфратузилмасини яхшилаш доирасида 22 400 квадрат метр ички йўл қурилди, 7 220 квадрат метр пиёдалар йўлаги ҳамда 2 950 квадрат метр велойўлак барпо этилди.

Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши ва спорт билан шуғулланиши учун 2 та стадион, 8 та спорт майдончаси ва 8 та болалар майдончаси фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, 1 та хиёбон, 7 та дам олиш айвончаси, 1 та амфитеатр ҳамда 1 та нуронийлар маскани ташкил этилди.
–Сўнгги йилларда маҳалламизда жуда катта ўзгаришлар амалга оширилди, –деди маҳалла фаоли Ирода Шарипова. –”Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳам 1000 га яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Авваллари маҳалламизда болалар майдончалари, футбол, волейбол ва баскетбол майдонлари бўлмаган. Олиб борилган ободонлаштириш ишларидан сўнг болажонларимиз учун ушбу кўнгилочар майдонлар барпо этилди. Албатта, бундан маҳалла аҳли хурсанд. Айниқса, ҳудудларимизда ўрнатилган замонавий камералар кўнглимизга янада хотиржамлик бағишлади. Ишонаманки, республикамизнинг ҳар бир гўшасига ушбу ислоҳотлар баравар кириб бормоқда. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чин дилдан миннатдормиз.

Муҳандислик тармоқларини тиклаш доирасида 1 260 п/м ирригация тармоғи таъмирланди, 4 830 п/м бетон бордюр ўрнатилди ҳамда 1 100 метр бордюр янгиланди.
Амалга оширилган ишлар натижасида маҳаллаларда аҳоли учун янада қулай, хавфсиз ва замонавий яшаш муҳити яратилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА