Сувни эъзозлаган аёл
15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни Қишлоқ аёли ҳақида гап кетганида кўз ўнгимизда юзлари офтобда қорайган, қўллари меҳнатдан қадоқ бўлган, сўзлаганда тортиниб, қимтиниб турадиган, фарзандлари ютуқлари ҳақида гапирганида мақтовлардан кўзлари порлайдиган аёл гавдаланади.
Навоий вилояти Қизилтепа тумани “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасасида сув хўжалиги назоратчиси бўлиб ишлаётган Ҳусния Халилова ҳам ана шундай қишлоқ аёлларидан биридир.

Ҳусния Халилова 1986 йилдан буён сув хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб келмоқда. Қарийб қирқ йиллик фаолияти давомида у ўз касбининг машаққатлари ва масъулиятини чуқур англаган, бой амалий тажриба тўплаган мутахассис сифатида шаклланди. Унинг меҳнат йўли сувни қадрлаш, ерга меҳр бериш ва деҳқон манфаатини кўзлаш каби эзгу тамойиллар билан чамбарчас боғлиқ.
Сув хўжалиги ходимининг меҳнати кўпинча кўзга ташланавермайди. Бироқ далаларга сувнинг ўз вақтида етиб бориши, экинларнинг қониб сув ичиши, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш каби муҳим вазифалар замирида ана шу соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати ётади. Ҳусния Халилова ҳам ўз фаолияти давомида шу масъулиятни ҳис этган ҳолда ишлаб, тумандаги суғориладиган майдонларни сув билан таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Бугунги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш ва сувни истеъмолчилар ўртасида тўғри тақсимлаш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалигида сувдан самарали фойдаланиш нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки ерларнинг унумдорлигини сақлаш ва мелиоратив ҳолатини яхшилашда ҳам муҳим омилдир.
Ҳусния Халилованинг кундалик меҳнат фаолияти ҳам ана шу вазифалар билан узвий боғлиқ. У ирригация тизимларида сув ресурсларидан мақсадли фойдаланиш, сув ҳисобини аниқ юритиш, сув хўжалиги иншоотларининг техник ишончлилигини назорат қилиш ва сувни тежашга қаратилган технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратади.

Куз-қиш мавсумида шўр ювиш ишларини сифатли ташкил этиш, экин майдонларини суғоришда сувнинг самарадорлигини таъминлаш ҳам унинг фаолиятида муҳим ўрин тутади. Зеро, ерга берилган сувнинг меъёри ва вақти тўғри белгиланиши деҳқон меҳнатининг самарасига бевосита таъсир кўрсатади.
Ҳусния опа сувни оддий ресурс эмас, балки асраб-авайлаш лозим бўлган бебаҳо неъмат сифатида қадрлайди. Шу боис ҳам у ўз ишида тежамкорлик, аниқ ҳисоб-китоб ва масъулият тамойилларига амал қилишга интилади.
Инсоннинг касбий маҳорати нафақат ўз ишида, балки бошқаларга ўргата олган билими ва тажрибасида ҳам намоён бўлади. Ҳусния Халилова йиллар давомида орттирган тажрибасини ёшларга етказишни ҳам муҳим вазифалардан бири деб билади.
У меҳнат фаолияти давомида 20 нафарга яқин шогирд тайёрлаган. Уларга ирригация тизимининг ўзига хос жиҳатларини, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш усулларини, сувни тежаш ва уни тўғри тақсимлашнинг амалий қоидаларини ўргатиб келмоқда.
Ҳусния опанинг устозлик фаолиятида касбий билим билан бир қаторда, меҳнатга садоқат, интизом ва масъулият каби фазилатлар ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки сув хўжалиги соҳасида ишлаш учун фақат назарий билимнинг ўзи кифоя эмас. Бу касб инсондан кузатувчанлик, ҳушёрлик, аниқлик ва ҳар бир вазифага виждонан ёндашишни талаб этади. Шу маънода, Ҳусния Халилованинг шогирдларига бераётган сабоқлари биргина касбий кўникмалар билан чекланмайди. Унинг кўп йиллик меҳнат тажрибаси ёш мутахассислар учун амалий мактаб вазифасини ўтайди.

Ҳусния опа ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада ўтказиладиган ҳашарлар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ҳам фаол. Камтарлиги, самимийлиги, меҳнатсеварлиги ва одамларга бўлган ҳурмати билан атрофдагиларга ўрнак бўлиб келмоқда. Шу боис ҳам у ҳамкасблари, туман фаоллари ва маҳалладошлари орасида ҳурмат-эътибор қозонган.
Бугун шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ҳ.Халилова сингари аксарият қишлоқ аёллари ҳаёт ташвишларига ўралашиб қолмасдан, юрт ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқда. Уларнинг кўнгли қишлоқнинг кенгликлари каби кенг. Борига қаноат қилиб, йўғини яшириб, борини ошириб яшаётган аёллар эртанги кун давомчиларини тарбияламоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири