Сув ресурслари муҳофазаси – юқори ҳосилдорлик омили
Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экин майдонларининг сув таъминотини яхшилаш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини сақлаш барқарор ҳосилдорликнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Бунинг учун нафақат сувдан самарали фойдаланиш, балки уни етказиб берувчи каналлар ва коллектор-дренаж тармоқларини ҳам мунтазам таъмирлаш, тиклаш ва модернизация қилиш зарур.
Тошкент вилоятида мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, ирригация тармоқларини бетонлаштириш, коллектор-дренаж тизимларини тозалаш ва уларнинг техник ҳолатини яхшилаш орқали сув йўқотилишини камайтириш, қишлоқ хўжалиги ерларининг мелиоративлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чирчиқ – Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция томонидан Президентимизнинг 2025 йил 15 августдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш, таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда ҳудуд бўйича 947 километр коллектор-дренаж тармоғини тозалаш режалаштирилган. Мавсум бошидан буён 426,5 километр тармоқ тозаланиб, йиллик режанинг 45 фоизи бажарилди. Айни пайтда бир кунда 7,9 километр тармоқда тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Жараёнларга 16 та махсус экскаватор жалб этилган. Мазкур ишлар ортиқча намликни чиқариш, сизот сувлари сатҳини мақбул даражада сақлаш, тупроқ шўрланишининг олдини олиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.
Соҳада амалга оширилаётган ишлар сифатини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги вакиллари томонидан ҳудудлардаги жараёнлар жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Бунда тармоқларнинг техник ҳолати, бажарилаётган ишлар сифати ва белгиланган лойиҳа талабларига мувофиқлиги назорат қилинмоқда. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва вазифаларни белгиланган муддатларда бажариш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатма ҳамда тавсиялар берилмоқда.

Бекобод туманида ҳам сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ирригация инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Тумандаги “Кўк орол-1” Р-4-37 ва Р-4-12, “ПЮ-2-в” (Парча юз) ҳамда “Чап ирмоқ” Ч-22 каналларининг жами 5,7 километр қисмини бетонлаштириш белгиланган. Айни вақтда туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси балансидаги “Чап ирмоқ” каналининг Ч-5 тармоғида 2,2 километр қисмни бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 1936 йилда ишга туширилган каналда 12 та гидротехник иншоот мавжуд. У “Чап ирмоқ” каналидан сув олиб, Улуғбек ва Деҳқонобод ҳудудларидаги 780 гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъминлайди.
Каналнинг тупроқ ўзанли қисмини бетонлаштириш сувнинг сизиб кетишини камайтириш, сув ресурсларидан унумли фойдаланиш ва экин майдонларига сувни ўз вақтида етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Умуман, коллектор-дренаж тармоқларини тозалаш ва ирригация каналларини бетонлаштириш каби тадбирлар ягона мақсадга сув ресурсларини тежаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг сув таъминоти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши эса мавжуд сув захираларидан янада самарали фойдаланиш учун муҳим замин яратади.
А.Мусаев, ЎзА