Сурхондарёликлар гиёҳвандликка қаршилигини намоён этмоқда
Сурхондарё вилоятида мамлакатимизда 1 октябрдан 1 ноябргача ўтказилаётган “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш” комплекс тезкор профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида аҳоли, жумладан, вояга етмаганлар, йигит-қизлар ўртасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш, уларга қарши курашиш, турли зарарли одатлардан асраб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар юқори савияда ташкил этилмоқда.
Ички ишлар органлари, спорт, таълим, маданият ва бошқа алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган ойликда ёшларнинг онги ва дунёқарашида гиёҳвандлик ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларга қарши мустаҳкам маънавий иммунитетни шакллантириш учун жойларда гиёҳвандликнинг жиддий салбий оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ёшлар эътиборини тортадиган спорт мусобақалари, учрашув ва давра суҳбатлари, бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда.
Сайёрамизда наркожиноятчилик ва гиёҳвандлик хатарли иллатлардан бирига айланиб, хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда. Ёшлар ўртасида турли наркотиклар истеъмоли одат тусига кираётгани ёки уларнинг наркожиноятларга аралашиб қолиши ортиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бундай ҳолатлар мамлакатимизда ҳам аҳоли, айниқса, ёшлар даврасида тарбиявий, тушунтириш ва бирламчи профилактик тадбирлар ўтказиб боришни тақозо этаётир.

Президентимизнинг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириб, нарковазиятни барқарорлаштириш ва наркотаҳдидларга қарши курашишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжат билан “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” тасдиқланиб, амалга ошириладиган аниқ вазифалар белгилаб берилди. Шунга мувофиқ мамлакатимизнинг жанубдаги вилоятида ҳам кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш учун тадбирнинг учинчи босқичи ўтган даврида вилоятда 21 та наркожиноят аниқланди. Уларнинг 3 таси сақлаш, 12 таси ўтказиш, 5 таси контрабанда ва биттаси етиштириш билан боғлиқ ҳолат бўлиб, наркожиноятчилардан 51 килограмм 473 грамм гиёҳвандлик моддаси ашёвий далилий ашё сифатида олинди.

– Шунингдек, жойларда “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, подполковник Фарҳод Тошбоев. – Туман, шаҳар марказлари, маҳаллалар, таълим муассасаларида ташкил этилаётган қизиқарли спорт беллашувлари, пиёда юриш марафонлари ва бошқа ёшлар эътиборини тортадиган тадбирларда бу иллатнинг салбий оқибатларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшлар соғлом ҳаётга даъват этилаётир.

Бойсун туманидаги “Алпомиш” спорт ўйингоҳида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида уюштирилган 5000 қадам пиёда юриш марафонида спортсевар ёшлар, нуронийлар, хотин-қизлар, кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этиб, соғлом ҳаёт сари ташланган ҳар бир қадам инсон саломатлиги ва фаровонлигининг муҳим омили эканини кенг намоён этди. Бадантарбия машғулотлари билан шуғулланиб, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, оммавий спортни ривожлантириш ва келажагимиз эгаларини салбий иллатлардан асраш, уларда зарарли одатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга чақирди.

Термиз давлат муҳандислик ва аготехнологиялар университетида бўлиб ўтган давра суҳбатида ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиб, зарарли иллатларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги ва келажагига салбий таъсири, аянчли оқибатлари, ёшларни ушбу иллатдан асрашда профилактик тадбирларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Вилоятда ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири