Харид чеки: ютуқлар сизни кутмоқда
Жорий йил июль ойининг одатдаги кунларидан бирида Хоразмнинг қадим ва файзли гўшаларидан бири бўлган Хонқа туманида яшовчи Қодирберди бироз бетоб бўлгани сабаб Урганч шаҳридаги хусусий клиникада тиббий кўрикдан ўтди.
Тиббий хизмат бу ерда пуллик бўлгани сабаб, кассага 480 минг сўм тўлов қилди ва у харид чекини олди. Уйига боргач ўйланиб қолди: “Ушбу харид чекини ҳам дўконники каби мобил иловадан рўйхатдан ўтказсам, “кешбек” берармикан? Ахир, бир фоиз қайтса ҳам 4 минг 800 сўм. Ҳар тугул, неварага ширинлик пули бўлар.”
У қоғозлар орасидан харид чекини олди ва уни телефонида сканерлади. Телефон экранида чек муваффақиятли қабул қилингани 25-санадан сўнг “Кешбек” қайтарилиши ҳақидаги маълумот пайдо бўлди. Ушбу хабарнинг тепасида яна бир кичик “хабарча” бор эди. Унда “Сиз ҳар ойнинг 5-санасида ўтказиладиган “ютуқли чек” ўйини иштирокчиси бўлдингиз!” деб ёзилган эди. Бироқ, Қодирберди бунга эътибор бермади. Омадни қарангки, жорий йилнинг 9 август куни ойнаи жаҳон орқали ўтказилган жонли эфирда Қодирберган Юсуповнинг айнан шу харид чекига автомобиль ютуғи чиқди.
Хабарингиз бор, 2026 йилнинг 1 июлидан бошлаб, тажриба тариқасида айнан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудида чакана савдо, умумий овқатланиш ҳамда хизмат кўрсатиш объектларида берилган харид чеклари асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилмоқда.
[gallery-31927]
Уч ойдан буён Хоразмда “Чекни талаб қилинг – автомобиль ва бошқа қимматбаҳо совғаларни ютиб олинг!” шиори остида ютуқли чек ўйинлари ўтказиб келинмоқда.
Истеъмол маданиятини юксалтириш, савдо соҳасида шаффофликни таъминлаш ва яширин иқтисодиётга барҳам бериш мақсадида “Солиқ” мобил иловасида жорий этилган “Ютуқли ўйинлар платформаси” ҳар ой якунлари бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар инсон омилисиз ғолибларни аниқлайди ва ютуқлар 10-санага қадар топширилади. Ютуқли ўйинларнинг бош соврини эса ҳар ойда ўйналадиган автомобиль.
Хоразм вилоятида бўлиб ўтган ана шундай ютуқли ўйиннинг илк сонида 185 минг 956 нафар иштирокчи томонидан рўйхатдан ўтказилган 1 миллион 913 минг 733 та чек иштирок этди. Тўлиқ автоматлашган “Рондом” тизими хонқалик Қодирберди Юсуповнинг 480 минг сўмлик харид чекига бош соврин – автомобиль ютуғини аниқлади.
- Август ойининг тўққизинчи куни эди. Кечки овқатдан кейин очиқ ҳавода сайр қилиб юргандим, - дейди Қодирберган Юсупов. - Қўнғироқ бўлди ва “Ютуқли чек” ўйини ғолиби бўлганлигимни айтишди. Аввал ишонмадим. Телефондаги фирибгарлар қўнғироғи деб ўйладим. Бироқ, қариндошларим ва танишларим жонли эфирда бунга гувоҳ бўлишганини айтгач, ишондим. Ҳақиқатдан ҳам ана шу оддий харид чеки менга омад келтирди. “Дамас” автомобили эгаси бўлдим.
Сентябрь ойидаги ўйинда эса вилоятдаги 8 минг 963 та савдо ва хизмат кўрсатиш субъектларидан харидни амалга оширган 505 минг 776 нафар харидорнинг “Солиқ” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган 4,8 миллионта харид чеклари иштирок этди. Ўйин натижаларига кўра, Хонқа туманидан Жўрабек Ҳакимбоев бош соврин – автомобиль соҳиби бўлди.
– Савдо дўконидан 44 минг сўмлик савдо қилдим, – дейди Жўрабек Ҳакимбоев. – Омадим келиб шу харидимга берилган фискал белгили чекимга ютуқ чиқди. Бундан жуда хурсандман. Аслида ҳар доим харидларим учун чек талаб қилишни унутмайман. Барча юртдошларимизга ҳам шуни тавсия этаман. Ажабмас, сизга ҳам омад кулиб боқса. Бундай имкониятдан фойдаланиш лозим. Ўйин ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни изҳор этаман.
Сентябр ой якунланиб, шу ойнинг бошида ҳам ютуқли ўйин ўтказилди. Бу сафар ҳам ҳаммаси ҳеч қандай инсон омилисиз, замонавий рақамли технологиялар ва автоматик тизим орқали ғолиблар аниқланди. Мўъжазгина компьютер алгоритми миллионлаб чеклар ичидан бирини танлар экан, унда ғолиб бўлди.
– Кундалик рўзғор ташвишлари билан маҳалладаги дўкондан уй учун керакли маҳсулотларни харид қилиб, сотувчидан харид чекини олдим. Сўнгги пайтларда радио ва телевидение, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган “Чекни талаб қилинг – автомобиль ва бошқа қимматбаҳо совғаларни ютиб олинг!” шиори ёдимга тушди. Телефон орқали махсус платформага чекни сканерлаб, киритиб қўйди. Қарабсизки, автомобил соҳиби бўлдим, – дейди Урганч шаҳридан Шокир Ҳўжаниёзов.
Ҳар ойлик ютуқли ўйинларнинг бош соврини автомобилдан ташқари велосипед, телевизор ва қўл телефони каби рағбатлантирувчи совринлар ҳам бор. Шу билан бирга ой якунлари бўйича харидлар суммасининг бир фоизини қайтаришнинг амалдаги механизми белгиланган тартибда сақлаб қолинади.
– Хоразм вилоятида 2026 йил 1 октярбь ҳолатига 8 минг 964 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 11 минг 5 та онлайн назорат касса техникаси ўрнатилган, – дейди Хоразм вилоят солиқ бошқармаси ходимаси Инобат Муродова. – Ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш орқали 39 миллиондан ортиқ чек уриб берилган. Натижада 11 триллион сўмдан ортиқ тушумлар кирим қилинган. Шунингдек, сентябрь ойининг ўзида 4 миллион 500 минг дона чек урилган. Натижада савдо ва хизмат кўрсатишдан 1 триллион 3 миллиард сўмдан ортиқ тушумлар кирим қилинган.
Дарҳақиқат, чек талаб қилиш орқали биз нафақат ўз ҳуқуқларимизни ҳимоя қиламиз, балки иқтисодиётнинг шаффофлигига ҳисса қўшамиз. Қорақалпоғистон ва Хоразмда амалга оширилган оддий харид чеки эса сизни янги автомобиль эгасига айлантириши мумкин.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари