Сурхондарёлик олтин медаль соҳиби шарафланди
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган таниқли шахматчи, Самарқанд шаҳрида яқинда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси олтин медали соҳиби Шамсиддин Воҳидов билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда спорт фахрийлари, тажрибали мураббийлар, ёш спортчилар, Шамсиддин Воҳидовнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирда шахматчининг спортдаги фаолияти, халқаро мусобақалардаги иштироки, эришаётган ютуқлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Вилоят ҳокими У. Қосимов Шамсиддин Воҳидовни эришган ютуқлари билан самимий табриклаб, эсдалик совғаларини топширди. Келгуси мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эришишини тилади.

Қавму-қариндошлари Бойсун туманида яшайдиган 24 ёшдаги шахматчи Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. 2020 йил халқаро гроссмейстер унвонини олган. Энг юқори классик рейтинги 2024 йил 2 минг 681 га етган. Ақл гимнастикасида эришган ютуқлари учун 2022 йил “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ва яқинда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони билан тақдирланган. У 2015 йил Грецияда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 14 ёшгача бўлган тоифада жаҳон чемпиони бўлган. 2018 йилги Рапид (тезкор шахмат) бўйича Жаҳон чемпионатида Алпомишнинг 16 ёшли авлоди амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлуб этиб, шахмат оламида навбатдаги машҳурликка эришган.
2021 йил гибрид шаклдаги Осиё чемпионатида, 2023 йил Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтган шахмат бўйича катталар ўртасидаги Континентал Осиё чемпионатида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Осиё тожини қўлга киритган. 2022 йилги Ченнай Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида захира доскасида ўйнаб, Олимпиада чемпиони (жамоавий олтин медаль) бўлган. Шахсий натижаси бўйича ҳам олтин медаль билан юртимизга қайтган. 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида терма жамоамиз сафида фаол иштирок этиб, жамоанинг навбатдаги ютуғига ўз ҳиссасини қўшди.

– Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ёшу кексага ўзгача фахр улашмоқда, – дейди таниқли шахмат устасининг бобоси, меҳнат фахрийси Мирза Лолаев. – Бундан ўн йилча аввал ҳам эътибордан четда бўлган тоғли туманимизда юз бераётган ўзгаришлардан қалбимиз қувончга тўлмоқда. Буларнинг барчаси учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Масалан, вилоятимизда эътибор қаратилмаган биронта маҳалла қолмади. Йўлларимизга асфальт ётқизилиб, кенгайтирилмоқда. Боғча, мактаб, тиббиёт муассасалари қиёфасини тубдан ўзгартириб, барча замонавий шароит яратилмоқда. Одамларнинг турмуш даражаси ўсиб бормоқда. Ёшларнинг ўз истеъдодини рўёбга чиқариши учун барча қулайлик мавжуд. Шахматчиларга кўрсатилаётган эҳтиромни қаранг. Ёшларга сабр-тоқатли бўлишни маслаҳат бераман. Илм олиш керак. Давлатимизда сизлар учун барча шароит бор. Ҳамма қийинчиликлар тагида билим ётади. Неварамни вилоятга таклиф этиб, учрашув ташкил этганларингиз учун бошим кўкка етди.

Учрашув доирасида Шамсиддин Воҳидов шахмат бўйича маҳорат дарси ўтди. Ёш шахматчилар билан дона сурди. Ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Мулоқот чоғида вилоятда шахмат спортини янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаб, уларни қўллаб-қувватлаш, шахматга қизиқувчи ёшлар учун барча шароитларни яратиш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири