Ўзбекистон делегацияси Ёшлар Олимпиадасида: 19 нафар спортчимиз мусобақаларда қатнашади
Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида 31 октябрь – 13 ноябрь кунлари IV ёшлар ёзги Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Тўрт йилда бир марта ташкил этиладиган мазкур мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан ёш спортчилар иштирок этади.
Ўзбекистон делегацияси ушбу ўйинларда 11 та спорт тури бўйича 19 нафар спортчи билан қатнашади. Вакилларимиз бокс, дзюдо, таэквондо WT, сузиш, қиличбозлик, камондан отиш, спорт гимнастикаси, енгил атлетика, ушу, триатлон ва велошоссе йўналишларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Ўзбекистон ёш спортчилари шу кунга қадар уч марта ёшлар ўртасидаги ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиб, жами 34 та медални қўлга киритган. “Сингапур-2010” мусобақасида 3 та кумуш ва 5 та бронза (жами 8 та), “Нанкин-2014” ўйинларида 4 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза (жами 10 та) ҳамда “Буэнос-Айрес-2018” баҳсларида 5 та олтин, 4 та кумуш ва 7 та бронза (жами 16 та) медалга сазовор бўлган. Шу тариқа, ёш спортчиларимиз мамлакат делегацияси ҳисобига жами 9 та олтин, 10 та кумуш ва 15 та бронза, яъни умумий ҳисобда 34 та медални расмийлаштириб қўйган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида ўтказилиши керак бўлган Олимпия ўйинлари COVID-19 пандемияси ва “Токио-2020” Олимпиадасининг 2021 йилга сурилиши сабабли юзага келган ташкилий, молиявий ҳамда спорт тақвимидаги тиғизлик туфайли бекор қилиниб, 2026 йилга кўчирилган. Халқаро Олимпия қўмитаси ва Сенегал ҳукумати ўзаро келишган ҳолда миллий қўмиталарга тайёргарлик учун қўшимча вақт беришга қарор қилди ва натижада Африка қитъаси мезбонлик қиладиган ушбу илк Олимпия мусобақаси шу йилнинг 31 октябридан 13 ноябрига қадар ўтказилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА