Сурхондарё улкан бунёдкорлик майдонига айланди
Сурхондарё вилоятида сўнгги беш йилда 22 минг 618 хонадонли кўп қаватли уй-жой бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Замонавий уйларнинг 9 минг 200 хонадонли 156 таси ўтган йил қад ростлади.
Айни пайтда вилоятнинг Бойсун, Сариосиё, Жарқўрғон, Ангор ва Термиз туманларида барча замонавий шароитларга эга, кўркам “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда. Якунланган йил ана шу бешта массивда 2 минг 930 хонадонли 62 та кўп қаватли уй қурилиб, аҳолига топширилди. Талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда 7 минг 632 хонадонли 111 та уй-жой, ренновация асосида 108 хонадонли иккита уй-жой бунёд этилди.


Президентимизнинг 2025 йил 21 февралдаги “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ барпо этилган бу уйларда хонадон эгаларининг осуда турмуш кечириши учун барча шароит яратилиб, зарур инфратузилма бунёд этилаётир. Масалан, Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 6 минг 280 хонадонли 74 та осмонўпар кўп қаватли уй қад ростламоқда. Шунингдек, 2 минг 640 ўринли иккита мактаб, 420 ўринли иккита мактабгача таълим муассасаси, 200 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника, маҳалла маркази қад ростламоқда. “Янги Ўзбекистон” боғи, олий таълим муассасаси ва ётоқхона, амфитеатр, “Янги Ўзбекистон” музейи, саноат зонаси қуриляпти. Бойсун, Сариосиё, Жарқўрғон, Ангор туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида ҳам турли ижтимоий соҳа объектлари қад ростлаб, қиёфасини ўзгартирмоқда.

Тинч, фаровон юртимизда аҳоли сони йилдан-йилга ўсиб, уй-жойга эҳтиёж ортиб бораётган бир пайтда жанубдаги воҳада ҳам замонавий, ихчам турар-жой биноларини бунёд этиб, одамларнинг уйга эҳтиёжини қоплашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда бошланган бу эзгу ишлар вилоятни улкан бунёдкорлик майдонига айлантирди.


– Аҳолини барча қулайликларга эга уй-жой билан таъминлашни реновация дастурига киритиш ҳам йўлга қўйилмоқда, – дейди вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Панжи Тангриев. – Шу мақсадда жорий йилдан вилоят марказидаги иккита лойиҳа бошланди. Жумладан, Тупроққўрғон маҳалласидаги 52 та маънан эскирган икки қаватли уй-жойлардан олтитаси, шунингдек, Мангузар маҳалласидаги 104 та якка тартибдаги уй-жойлар ўрнида 22 та кўп қаватли уй-жой қурилмоқда. Реновация қилинадиган Тупроққўрғон маҳалласидаги уй-жойлар бундан 65-75 йил илгари қурилган. Бу ердаги уйлар қаватларини ошириш, мавжуд муҳандислик-коммуникация тармоқларини янгилашни инвестиция дастурига киритиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Мангузар маҳалласидаги 104 та якка тартибдаги уй-жойлар ўрнида 22 та кўп қаватли турар-жойлар қурилиши учун талаб этиладиган муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуришни ҳам инвестиция дастурига киритиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятда қурилишнинг юксалишга юз тутгани замонавий хизмат кўрсатиш, дам олиш ва ишлаб чиқариш корхоналари қад ростлайдиган янги массивлар барпо этишга қизиқиш ва интилишни оширмоқда. Термиз туманидаги Сурхондарё дарёси бўйида 150 гектар майдонда қурилиши бошланган навбатдаги массив ҳам ана шундай қиёфага эга бўлади.
Массивда ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва дам олиш масканлари билан бирга 15 мингдан ортиқ аҳолига мўлжалланган 160 дан зиёд кўп қаватли уй-жой барпо этилади. Етти мингга яқин иш ўрнига эга бўлган мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш нуқталарини қуриш учун 4,3 триллион сўм инвестиция киритилиб, ҳар йили бюджетга 200 миллиард сўм қўшимча солиқ тушуми манбаи яратиш режалаштирилмоқда.
Вилоят аҳолиси 120 та шаҳар ва шаҳар типидаги посёлка, 724 та маҳаллада истиқомат қилади. Айни пайтда воҳада 44 минг 23 хонадонли 1 минг 722 та кўп қаватли уй-жой мавжуд. Уларнинг 1 минг 120 таси мустақилликкача қурилган. 121 таси 1991-2017 йилларда, 481 таси 2017-2024 йилларда барпо этилган кўп қаватли уйлар бўлиб, 160 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларнинг 1 минг 553 таси 34 та бошқарув сервис компанияларига бириктирилган. 169 та уй-жой ҳудудий ҳокимлик, тадбиркор ва бошқа ташкилотларга қарайди. Воҳада кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш сифати ҳам йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Хусусан, ўтган йил бошқарув ташкилотларининг 2 миллиард 100 миллион сўм маблағи эвазига 136 та уй таъмирланиб, шароитлар янада яхшиланди. 27 та уйнинг том қисми, 160 та кириш йўлаги, 39 та уйнинг фасади, 18 та уйнинг ертўласидаги ичимлик ва оқова сув, иссиқлик тармоғи, 286 та электр тақсимловчи шит таъмирланиб, 275квадрат-метр фромуга роми, 147 та энергия тежамкор сенсор лампалар ва 80 та кодли темир эшик ўрнатилди. Янги йилда вилоятда янги кўп қаватли уйлар қуриш билан бирга аҳоли яшаётган турар-жой биноларини таъмирлаш ва одамларнинг осуда, обод турмуш кечириши учун мавжуд шароитларни янада яхшилаш юзасидан ҳам йирик ҳажмдаги ишлар амалга оширилади. Воҳада олиб борилаётган бундай бунёдкорлик ишлари инсон қадрини улуғлаб, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига йўналтирилгани аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири