Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини юқори баҳолади
Ҳиндистондаги ўхшаш топилмалардан қарийб тўрт аср олдин яратилган шахмат доналари, VII асрга мансуб ноёб Усмон мусҳафи ва беш хил цивилизация ҳақида ҳикоя қилувчи замонавий экспозициялар — Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда маданий меросни асраб-авайлаш ва уни замонавий шаклда жамоатчиликка тақдим этишга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди. Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири сифатида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат илмий-маърифий, балки халқаро маданий мулоқот майдонига айланиб бормоқда.
Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Shaikha Nasser Al Nowais бошчилигидаги делегациянинг мазкур марказга ташрифи бунинг яққол исботи бўлди. Меҳмонлар экспозициялар билан танишар экан, марказнинг мазмун-мундарижаси, бадиий ечимлари ва замонавий технологиялар билан уйғунлашган тақдимотига юқори баҳо бердилар.

Экспозициялар орасида Исломдан аввалги даврга оид бўлим алоҳида қизиқиш уйғотди. У ерда намойиш этилган Қўйқирилган қалъа макети делегация аъзоларида чуқур таассурот қолдирди. II–VI асрларга мансуб ушбу ёдгорликнинг нафақат аҳоли манзили, балки ўзига хос обсерватория вазифасини ҳам бажаргани унинг тарихий аҳамиятини янада оширади.
Шунингдек, Далварзинтепадан топилган қадимий шахмат доналари экспозициянинг энг эътиборли намуналаридан бири сифатида баҳоланди. Мутахассислар фикрига кўра, бу топилмалар дунёдаги энг қадимги шахмат намуналаридан бири бўлиб, уларнинг яратилиш тарихи Ҳиндистондаги ўхшаш топилмалардан қарийб тўрт аср олдинга бориб тақалади.

Биринчи Ренессанс даврига бағишланган бўлимда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) томонидан турли ҳукмдорларга йўлланган мактублар нусхалари меҳмонлар эътиборини тортди. Экспозицияда намойиш этилган бешта мактуб дипломатик мулоқот маданияти ва мазмуний чуқурлиги билан алоҳида қизиқиш уйғотди. Ташриф давомида хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ томонидан ушбу мактублардан бирининг нусхаси делегация раҳбарига эсдалик сифатида тақдим этилди.
Марказнинг юраги ҳисобланган Қуръони Карим залида меҳмонлар VII асрга мансуб ноёб Усмон мусҳафи билан танишдилар. Ушбу муқаддас нусха узоқ йиллар давомида Мўйи муборак мадрасасида сақланган бўлиб, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2025 йилда марказга кўчирилган. Замонавий мэппинг-шоу билан уйғунлашган ушбу экспозиция меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф давомида делегация марказнинг ҳар бир жиҳати давлат раҳбарининг ташаббуси ва бевосита эътибори асосида амалга оширилганини алоҳида таъкидлади. Бош котиб ўз фикрларида ушбу масканни турли цивилизациялар ҳақида замонавий ва таъсирчан усулда ҳикоя қилувчи ноёб маданий марказ сифатида баҳолади.

Унинг таъкидлашича, марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақанинг маданий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, бу каби объектлар маданий туризмни ривожлантириш, тарих ва меросга қизиқувчи сайёҳларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этади. Визаларнинг 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун соддалаштирилгани ҳам мамлакатда туризмни ривожлантиришга қаратилган изчил сиёсатнинг яна бир кўриниши сифатида қайд этилди.
Делегация аъзолари Фахрий меҳмонлар китобида марказни юқори баҳолаб, уни келажак авлодлар учун муҳим маърифий маскан сифатида эътироф этдилар. Улар ушбу мажмуани Ўзбекистон тарихи ва цивилизацион меросини ёритишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Ташриф якунида Марказ директори Фирдавс Абдуҳолиқов меҳмонга 1510 йилда Ҳиротда кўчирилган Ҳусайн Бойқаро девонининг факсимиль нусхасини совға қилди. Ушбу нодир асарда темурийлар даври адабиёти ва санъати намуналари, жумладан, Камолиддин Беҳзодга мансуб миниатюралар ўрин олган.
Мазкур ташриф шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда амалга оширилаётган маданий сиёсат халқаро майдонда ҳам юқори баҳоланмоқда. Бу эса мамлакатнинг нафақат тарихий меросини асраш, балки уни жаҳон ҳамжамиятига самарали тақдим этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари изчил давом этаётганини англатади.
Қолаверса, бундай йирик лойиҳалар келгусида Ўзбекистоннинг маданий ва туристик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
М.Эшмирзаева, ЎзА