Сурия Саудияга ҳарбий ёрдам бериши мумкин
Сурия Саудия Арабистонига Яман урушида ҳарбий ёрдам кўрсатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Муҳокама қилинаётган мавзулар орасида Подшоҳликни хусийлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун ҳарбий мутахассислар юбориш ёки гуруҳга қарши жанг қилаётган томонга бевосита ёрдам бериш бор.
АҚШ ва Сурия расмийларига кўра, Ар-Риёд Дамашқдан ҳарбий куч юборишини сўраган. Дипломатик манбалар эса мамлакат қўшни давлатни қўллаб-қувватлаши, фақат асосий эътибор ҳамон 14 йиллик фуқаролик уруши оқибатини бартараф этишга қаратилганини айтган. Агар ҳарбий ҳамкорлик зарурати туғилса, бу фақат икки давлат ўртасидаги расмий келишув доирасида амалга ошиши мумкин.
Президент Аҳмад Аш-Шараъ 7 октябрь куни Ар-Риёдда Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашди. Суҳбат чоғида эҳтимолий ҳарбий ёрдам масаласи ҳам кўтарилган.
Бинобарин, Дамашқ учун хусийларга қарши бевосита жангга кириш янги хавф келтириб чиқариши мумкин: Сурия ҳали турли қуролли гуруҳлардан ягона армия тузиш жараёнида ва ички барқарорликни сақлашга уринмоқда. Мутахассислар фикрича, Саудияга кам сонли мудофаа мутахассислари ва дронга қарши техник ёрдам юборилиши мумкин. Сурия қўшини Яманда жанг олиб бориши эҳтимоли эса анча мураккаб масала бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА