Сургунда юрган Худоёрхон хонлик давридаги қилмишларидан қаттиқ афсусланган
Ватанимиз тарихидаги 20 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1017 йил (бундан 1008 йил олдин) – Хоразмда сарой тўнтариши бўлиб, саройда уюштирилган суиқасд натижасида хоразмшоҳ Маъмун ва унинг яқин одамлари ўлдирилди. Хоразм тахтига Маъмуннинг 17 ёшли невараси Али ўтқизилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Маъмун Гурганч (Урганч)да “Маъмун академияси”га асос солган. Турон, Шарқ мамлакатларининг бир қанча олим, шоир ва ёзувчиларини ўз атрофига тўплаган.
1876 йил (бундан 149 йил олдин) – Оренбург сургунида яшаётган собиқ Қўқон хони Худоёрхон ўғли Насриддинхонга – Қўқонга мактуб йўллади. Бинобарин, бу вақтда Худоёрхон Қўқон хонлиги давлат сифатида тугатилганидан ҳам, ўғли Насриддинхоннинг январь охиридаёқ тахтдан ағдарилганидан ҳам бехабар бўлган.
Шариф Юсуповнинг “Худоёрхон ва Фурқат” асарида қайд этилишича, форс тилида ёзилган бу мактубнинг тўлиқ матни кейинчалик 1890 йил 3 октябрда “Туркистон вилояти газети”нинг 39-сонида русча таржимаси билан биргаликда эълон қилинган. Ҳажми анча катта бўлган бу мактуб матнидан маълум бўлишича, Худоёрхондан сўнг Қўқон тахтига ўтирган Насриддинбек ўзини шу тариқа иш тутишга мажбур қилган омиллар ҳақида отасига батафсил изоҳ бериб, махсус мактуб йўллаган. Собиқ хоннинг янги хонга мактуби фарзандининг ўша изоҳларига жавоб тариқасида битилган.
Худоёрхон мактубида айтилишича, у аввал атрофдагиларнинг ғийбат ва миш-мишларига ишониб, Насриддинбекдан хафа бўлган, лекин кейинчалик ўғлидан олинган мактубдан бутун ҳақиқатни англаб, унга тўла рози-ризолик беради, Қўқон тахтига ўтирганлиги билан муборакбод этади. Собиқ хон ўзи тахтда ўтирган вақтда ғараз аҳлининг, ҳавойи нафснинг йўлидан бориб, Худо амрини, шариат йўлини адо этишига халал етганини айтади, олдинги ва кейинги барча гуноҳларидан тавба қилади.
Шариф Юсуповнинг ёзишича, Худоёрхон ўзининг тож-тахтга, бу дунё ҳою ҳавасларига хоҳиши бутунлай сўнганини, энди қолган умрини тоат-ибодат ва тавба-тазарру билан ўтказишга қатъий қарор қилганини Ҳақ Таоло ва Расулиллоҳни шафеъ келтириб айтади. Айни вақтда собиқ хон эндигина тахтга чиққан фарзандига ўзи йўл қўйган гумроҳликлардан эҳтиёт бўлишни, шаҳар ва қишлоқлардаги барча фуқароларга, хусусан уламолар билан сипоҳиларга ҳамиша меҳр-шафқатли, оқибатли бўлиш зарурлигини таъкидлайди.
Лекин Худоёрхоннинг бу мактуби ёзилган вақтда, юқорида айтилганидек, Насриддинхон руслар томонидан тахтдан ағдарилиб, отаси сингари Тошкентга олиб кетилган, Қўқон хонлигининг бутун ҳудуди Россия императори ҳукмронлигига ўтказилгани ҳақида Петербургдан келган фармон Қўқон фуқароларига ўқиб эшиттирилган, императорнинг 19 февралдаги фармонига мувофиқ Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида Фарғона вилоятини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган эди.
Шу важдан ҳам бу воқеаларнинг барчасидан бехабар собиқ Қўқон хони томонидан Оренбургдан ёзилган мактуб унинг юртига қачон етиб келгани ва Тошкентдан тез орада Владимир сургунига жўнатилган Насриддинхонга етган-етмагани маълум эмас. Хат 1890 йил кузининг бошида Тошкентда ташкил этилиб, Фурқат, Муҳиддинхўжа каби маърифатпарварларнинг асарлари орқали маҳаллий халқ орасида кенг шуҳрат топган кўргазмада экспонат сифатида қўйилган ва “Туркистон вилояти газети”да чоп этилган пайтда эса Насриддинхон аллақачон ҳаётдан кўз юмган эди.
1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Мадаминбек бошчилигидаги 1500 кишидаи иборат қўшин Наманган уездининг энг катта шаҳарларидан бири бўлган Чустни эгаллади. Бироқ Скобелевдан кўшимча қизил аскар кучлари етиб келгач, 28 соатлик шиддатли жанглардан сўнг истиқлолчилар шаҳарни тарк этишга мажбур бўлдилар.
1932 йил (бундан 93 йил олдин) – ўзбек навоийшунослигининг атоқли вакили, таниқли фан намояндаси, Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Суйима Ғаниева таваллуд топди (вафоти 2018 йил). У “Мажолис ун-нафоис”нинг илмий-танқидий матнини, “Навоий дастхати” китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган. Алишер Навоийнинг мукаммал асарлар тўплами – “Мажолис ун-нафоис”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Ҳамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Назм ул-жавоҳир” каби асарларни изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрлаган. Олима 1992 йилда Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлган. 1999 йилда эса “Эл-юрт ҳурмати”, 2008 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Туркистон республикаси Адлия халқ комиссарлиги таркибида “Суд назорати” бўлими ташкил этилди ва унга вилоят марказларида иш юритган халқ судьялари кенгашлари устидан тушган шикоятларни назорат тартибида кўриш ҳуқуқи берилди. Биргина 1920 йилнинг ўзида вилоят кенгашлари томонидан қабул қилинган 450 та ҳукм ва қарор қонунчиликка зид бўлгани учун ушбу бўлим томонидан бекор қилинган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Эстония Республикаси Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида универсал спорт саройи қуриш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳазрати имом (ҳастимом) жамоатчилик жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Мусиқа соҳаси педагогларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади