Суперлига: «Нефтчи» ва «Сўғдиёна» баҳси 19-тур учрашувларини бошлаб беради
Бугун Ўзбекистон Суперлигасида 19-тур баҳсларига старт берилади. Чемпионат пешқадамлари иштирокидаги ўйинлар турнир жадвалига сезиларли таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Бугун, 23 август куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 19-тур баҳсларига старт берилади. Тур доирасидаги дастлабки баҳсда «Нефтчи» жамоаси ўз майдонида «Сўғдиёна»ни қабул қилади.
Мазкур учрашув ҳар икки жамоа учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фарғоналиклар чемпионлик пойгасидаги мавқеини янада мустаҳкамлаш учун навбатдаги ғалабани қўлга киритишни мақсад қилган бўлса, «Сўғдиёна» сўнгги учрашувлардаги ижобий натижаларини давом эттириши шубҳасиз.
Ушбу тўқнашув олдидан жамоаларнинг миллий чемпионатларимиз доирасида ўтказган ўзаро ўйинлари ҳақида айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ўзбекистон Суперлигаси (Олий лига) доирасида шу кунга қадар клублар 57 марта ўзаро баҳс олиб борган. Уларнинг 33 тасида «Нефтчи» ғалаба қозонган. 12 учрашувда дуранг қайд этилган бўлса, яна 12 баҳсда «Сўғдиёна»нинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати ҳам фарғоналиклар фойдасига — 105:48.
Жамоалар ўртасидаги энг йирик ғалабалардан бири 2009 йил 14 август куни қайд этилган. Ўша учрашувда «Нефтчи» ўз майдонида «Сўғдиёна»ни 7:0 ҳисобида мағлуб этган. 2018 йил 2 октябрдаги баҳсда эса жиззахликлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.

«Нефтчи» — «Сўғдиёна» учрашувини Ғайрат Жўраев бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати бошқариб боради. Фарғонадаги «Истиқлол» марказий ўйингоҳида бўлиб ўтадиган баҳс соат 19:00 да бошланади.
19-турнинг қолган баҳслари 24–26 август кунлари ўтказилади. Жумладан, 24 август куни «Қўқон-1912» — «Бухоро» учрашуви бўлиб ўтади. 25 август куни «Сурхон» — ОКМК, «Андижон» — «Хоразм» ҳамда «Динамо» — «Пахтакор» жамоалари ўртасидаги баҳслар ўтказилади. 26 август куни эса «Локомотив» — «Бунёдкор», «Машъал» — «Навбаҳор» ва «Қизилқум» — «Насаф» учрашувлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА