“Судинфокиоск“ суд қарори чиқармайди холос
Бу қурилма орқали суд билан боғлиқ бошқа ҳар қандай амални бажариш мумкин.
Тарих ва замонавийлик уйғунлашган муаззам Самарқанд тараққиёт сари илдамлаётгани бир қарашда сезилади. Чекка туманларда вазият қандай?
Пресс-тур давомида Тойлоқ тумани шу мақсадда танланди.
Бу ерда ҳам янги қурилишлар, бири-биридан обод кўчалар, уйлар, маъмурий бинолар қад ростлаган.
Айниқса, барча судларнинг, яъни туман жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суднинг бир бинода жойлашгани аҳолига катта қулайлик яратган.
Фойдаланишга топширилганига эндигина икки ой бўлган замонавий суд биноси шунчаки янги иморат эмас, балки электронлашган идора.
Суд биносига кираверишда ўрнатилган “судинфокиоск“ орқали суд билан боғлиқ ҳар қандай амални бажариш мумкин. Бу қурилма суд қарорини чиқармайди, холос.
Демак, “судинфокиоск“ орқали судга мурожаат қилиш, қабулга ёзилиш, аризаси қачон, ким кўриб чиқишини аниқлаш, судларда қандай ишлар кўриб чиқилаётганини кўришдан ташқари республика бўйича судлар томонидан чиқарилаётган суд қарорлари билан танишиш имкони бор. Керакли қонун ҳужжатларини кўздан кечириб, ҳуқуқингиз ҳақида тушунча олсангиз ҳам бўлади.
Судга келган кишилар учун зарур қулайликлар яратилган. Суд заллари замонавий жиҳозлар, видеоконференц алоқа имконини берувчи технологиялар билан таъминланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги бўйича ҳамкорлик“ қўшма лойиҳаси доирасида Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятлари судларига уюштирилган пресс-тур давомида журналистлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар юқоридаги каби имкониятларни кўздан кечирмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди фаолияти билан танишиш асносида иштирокчилар суд жараёнига ҳам бевосита гувоҳ бўлди.
– Журналистларнинг судда иштирок этиши очиқликнинг муҳим кўриниши, – дейди БМТ Тараққиёт дастури эксперти Жеймс Бриндлей (Австралия). – Бундай очиқлик бор жойда адолат албатта таъминланади. Баъзи ҳолларда мухбирларнинг суд мажлисига киритилмагани ҳам қулоққа чалинади. Демократик жамиятда бундай ҳолат бўлмаслиги керак. Судларда яратилаётган шароитлар эса таҳсинга лойиқ.
Суд жараёни якунига етгач, жиноий ҳаракатининг оқибатини тушуниб етган беш нафар маҳкум жазонинг қолган қисмини ўташдан шартли равишда озод қилинди.
Айтиб ўтиш керакки, суд биноларида фуқароларга барча қулайликлар яратиш билан чекланилмай, аҳоли ҳузурига бориш, уларнинг мурожаатларини жойида қабул қилиш, сайёр қабул ва суд мажлислари ўтказиш амалиёти кенгайиб бормоқда.
Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг айтишича, ҳозирги кунда барча судларда кўрилаётган ишларнинг ярмидан кўпи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда. Замонавий судья адолатли қарорлар қабул қилиши, аҳоли ҳузурида бўлиб, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиши, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиши шарт. Президентимиз талаб қилаётган халқчил судьялар ана шундай бўлиши керак.
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди раиси Марат Эргашевнинг бизга маълум қилишича, туман судьялари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 50 га яқин жиноят иши кўрилган бўлса, тенг ярми маҳалла идораларида ўтказилган. Бу билан аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, бошқалар сабоқ олишига эътибор қаратилаётир.
Пресс-тур давомида иштирокчилар бундан аввал Оқолтин тумани маъмурий суди, Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди билан танишган эди. Эътиборлиси, барча судлар “Е-sud” дастури доирасида тўлиқ электронлаштирилган.
Олдинда пресс-тур иштирокчиларини Бухоро вилояти судлари кутиб турибди. Тадбир давом этмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди раиси Марат Эргашевнинг бизга маълум қилишича, туман судьялари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 50 га яқин жиноят иши кўрилган бўлса, тенг ярми маҳалла идораларида ўтказилган. Бу билан аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, бошқалар сабоқ олишига эътибор қаратилаётир.
Пресс-тур давомида иштирокчилар бундан аввал Оқолтин тумани маъмурий суди, Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди билан танишган эди. Эътиборлиси, барча судлар “Е-sud” дастури доирасида тўлиқ электронлаштирилган.
Олдинда пресс-тур иштирокчиларини Бухоро вилояти судлари кутиб турибди. Тадбир давом этмоқда.