Судан ва Жанубий Судан ўртасида оммавий қирғин юз берди
Судан ва Жанубий Судан ўртасида суверенитет учун низо давом этаётган Абей ҳудудидаги Амиет бозорига дрон орқали ваҳшийларча ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда “Анадолу” ахборот агентлиги хабар берди.
Маҳаллий муваққат ахборот вазири Йоханна Акол Нгорнинг сўзларига кўра, зарба билан яқин орадаги ёнилғи омбори ҳам нишонга олингани сабабли кучли ёнғин келиб чиққан. Дастлабки маълумотга кўра, 153 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар сони ортиши мумкин.
БМТ Бош котиби ушбу хунрезликни кескин қоралаб, ҳаётдан кўз юмганлар орасида тинч аҳоли вакиллари, айниқса аёллар ва болалар кўплигига эътибор қаратди. Ҳозир Абейдаги БМТ муваққат хавфсизлик кучлари (UNISFA) ярадорларни хавфсиз жойга кўчириш, ёнғинни ўчириш учун воқеа жойига тиббий ҳамда қутқарув гуруҳларини сафарбар қилган.
“Чегара билмас шифокорлар” (MSF) халқаро ташкилоти билдиришича, портлашдан сўнг 20 нафардан ортиқ оғир ярадор Амет-Бек шифохонасига етказилган.
Нефть захирасига бой ушбу ҳудуд Жанубий Судан 2011 йил мустақилликка эришгандан бери икки давлат ўртасида ҳал этилмай, баҳсли бўлиб қолмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА