Европа телекоммуникация операторлари “Starlink”га қарши кучларни бирлаштирмоқда
Европанинг энг йирик 4 телекоммуникация гуруҳи – “Deutsche Telekom”, “Orange”, “Telefónica” ва “Vodafone” “Starlink” компаниясининг устунлигига қарши чиқиш учун ўз сунъий йўлдош мобил хизматини ишга тушириш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳаракат алоқа технологиялари бўйича трансатлантик кескинликни янада кучайтириши мумкин, деб ёзган “Financial Times”.
Компаниялар ўз сунъий йўлдошларини ишга тушириш ўрнига ер усти инфратузилмасини барпо этиш ва мавжуд сунъий йўлдош оператори билан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда. Ушбу қадам сунъий йўлдош хизмати бўйича кучайиб бораётган геосиёсий низо шароитида юз берди ва шу заҳотиёқ “Starlink” платформасини бошқарадиган “SpaceX” томонидан кескин танқидга учради.
АҚШ технология гиганти бу қадам “Starlink” фуқаролик ва ҳарбий алоқаси учун жуда муҳим ҳисобланган Украинада хизмат кўрсатиш сифатини пасайтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Комиссиянинг асосий муаммоси – мос шерик топиш. Зеро, сунъий йўлдош тармоғи бозорида Америка ва Хитой устун. Европанинг “Eutelsat” компанияси эса “Starlink”дан сезиларли ортда қоляпти.
С.Раҳимов, ЎзА