Суд ҳужжатлари ижроси сўзсиз таъминланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги тегишли фармонига мувофиқ Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Қисқа вақт ичида мазкур тизим суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Айниқса, Бюро органлари томонидан амалга оширилаётган тизимли ишлар, аҳоли мурожаатларига ечим топиш, алимент, коммунал тўловлар, иш ҳақи ва компенсация ундирувлари бўйича олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар бугун ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Мажбурий ижро бюроси прокуратура органлари тизимидаги мустақил ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларининг ижросини таъминлаш орқали одил судловнинг муҳим бўғинига айланди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида суд қарорлари ижросини таъминлаш тизими мутлақо янги босқичга кўтарилди. Буни Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Хусусан, соҳада замонавий ахборот технологияларининг кенг жорий этилиши, электрон тизимлардан самарали фойдаланиш ва давлат ижрочилари ўртасида иш ҳажмининг тўғри тақсимланиши натижасида 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра бошқарма, туман ва шаҳар бўлимлари иш юритувидаги мавжуд 5 триллион 830 миллиард 800 миллион сўмлик 349 минг 222 та ижро ҳужжатларидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида 2 триллион 574 миллиард 600 миллион сўмлик 175 минг 491 таси тугатилди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 73 минг 300 та кўп ҳужжатлар ижроси тамомланганини билдиради.
Янада аниқ рақамларга тўхталсам, олти ойда 975 миллиард 100 миллион сўм давлат ундируви, 900 миллиард 700 миллион сўмлик солиқ қарздорликлари, 16 миллиард 800 миллион сўмлик давлат божи, 28 миллиард 500 миллион сўмлик жиноий ва маъмурий жарималар ҳамда 6,8 миллиард сўмлик жиноят натижасида давлатга етказилган зарар маблағлари ундирилди.
Бундан ташқари, 7 минг 829 та ҳужжатлар асосида тижорат банклари фойдасига 208 миллиард 700 миллион сўм маблағлар ҳам амалда ундирилиши таъминланди.
Маълумки, бизнинг вазифамиз қарздорликларни фақат давлат ёки идора ва ташкилотлар фойдасига ундириб беришга қаратилмаган. Жорий йилда ижро ҳужжатлари асосида 15 нафар фуқаронинг ишга тикланиши таъминланиб, ўз вақтида тўланмаган қарийб 738,8 миллион сўм иш ҳақлари бузилган уй-жойлар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иншоотлар учун компенсация ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича ҳокимликлардан 79 та ижро ҳужжати асосида фуқаролар фойдасига 6,1 миллиард сўм компенсация маблағлари ундириб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига асосан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб, жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши белгиланган.
Шунга кўра, Бюронинг вилоят бошқармаси тизимида шу йилнинг январь-июнь ойлари давомида 42,2 миллиард сўм ундирилиб, юқоридаги дастурларга йўналтирилди.
Бундан ташқари, 1 минг 414 та ижро ишлари бўйича олиб қўйилган мол-мулклар сотилиши эвазига 73 миллион сўм маблағлар давлат даромадига ўтказилди. Шундан 757 та ҳолатда мусодара қилинган товар-моддий бойликлар йўқ қилинди ва 162 таси ижро ҳужжати асосида мол-мулклар эгасига қайтарилди.
Вилоятда коммунал ташкилотлари, яъни ичимлик суви, электр қуввати, табиий газ ҳамда бошқарув-сервис компаниялари фойдасига 22 миллиард 975,5 миллион сўм қарздорлик ундирилиши таъминланди.
Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотни кучайтириш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ҳудудларда мунтазам сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Таҳлилларга кўра, Бюро органларига келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисми алимент ундирувлари билан боғлиқ масалаларни ташкил этмоқда.
Фарзандни вояга етказиш, уни муносиб тарбиялаш ва моддий таъминлаш ҳар бир ота-онанинг нафақат қонуний, балки инсонийлик бурчи ҳамдир. Шу сабабдан алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ишлари Бюро органларида алоҳида назоратга олинган бўлиб, олти ойда 67,4 миллиард сўмлик вояга етмаган болажонларнинг ҳақлари қарздорлардан олиб берилди.
Алимент тўлашдан бўйин товлаган 306 нафар шахсга маъмурий ҳамда 38 нафарига жиноий жазо чоралари кўрилиб, қонун устуворлиги таъминланди.
Ҳар бир қарор, ижро ҳужжати ортида инсон тақдири туради. Бюронинг Хоразм вилоят бошқармаси тизимидаги ходимлари суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш, алимент ундириш ҳамда ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни ана шу эзгу мақсад асосида бундан кейин ҳам изчил давом эттиради.
Азамат Халмуратов,
Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА