Суд экспертларига бюро ташкил этган ҳолда якка тартибда фаолият юритишга рухсат берилади
Сенат ялпи мажлисида қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ этиш ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат – “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
– Суд-экспертлик фаолияти суд ишларини ҳар томонлама, холис ва адолатли кўриб чиқишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – деди Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси Зумрад Бекатова. – Суд-экспертизаси хулосаларининг илмий асослангани ва ишончлилиги суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли қабул қилиниши учун муҳим шарт ҳисобланади.

Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан биргаликда айрим ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжудлиги сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.
Қонун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Унда нодавлат суд-экспертларининг ҳуқуқий мақоми, уларни ташкил этиш, фаолият йўналишлари белгиланмоқда. Нодавлат суд экспертларига бюро ташкил этган ҳолда якка тартибда фаолият юритишга рухсат берилмоқда.

Адвокатнинг сўровига асосан ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида давлат ва нодавлат суд-экспертлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш тартиблари назарда тутилмоқда.
Суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтлари жорий этилмоқда.
Суд-экспертиза муассасалари (ташкилотлари), суд экспертлари ҳамда суд-экспертиза тадқиқотларида фойдаланиладиган услубиётлар рўйхатининг давлат реестрини юритиш йўлга қўйилмоқда.

Давлат суд-экспертиза муассасалари экспертлари ҳамда нодавлат суд экспертлари фаолияти юзасидан эксперт-малака комиссиялари тузилмоқда.
Суд экспертларининг касб-этика қоидалари ва экспертизани ўтказишга доир чекловлар жорий қилинмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ваколатли давлат органи сифатида Адлия вазирлигининг суд-экспертлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилмоқда.
Нодавлат суд экспертларини бирлаштирувчи, уларга яқиндан кўмаклашувчи Суд экспертлари палатасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Суд-экспертизасини чет давлатнинг суд экспертларини жалб қилиш орқали ўтказиш механизмлари белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун суд-экспертлик фаолиятининг мустақиллиги ва шаффофлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловдан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА