Давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланди
Давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш ягона қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинмаган. Бу масала 10 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган.
Фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплашда эса давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пул тўловларини амалга оширишнинг аниқ механизми мавжуд эмас.

Шу боис, ушбу соҳадаги муносабатлар ва тартиб-таомилларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш алоҳида қонун ҳужжатини қабул қилиш заруратини юзага келтирган.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги қонун Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

– Қонун юқорида қайд этилган масалаларнинг ҳуқуқий ечими бўлиб, унинг мақсади давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган органнинг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда зарарнинг ўрнини регресс тартибида ундиришни тартибга солишдан иборат, – деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов. – Зарарнинг ўрни қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритиши белгиланмоқда.
Қонунда қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби асосий принциплар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, мулкий зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари аниқ кўрсатилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун қонунга хилоф қарорлар туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА