Стол теннисчиларимиз Грузия турнирида 2 олтин медални қўлга киритди
Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида стол тенниси бўйича ёшлар, ўсмирлар ва кичик ёшдагилар ўртасида “WTT Youth Contender Tbilisi-2026” мусобақаси ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон вакиллари ажойиб натижаларни қайд этмоқда.
30 га яқин мамлакатнинг маҳоратли ёш стол теннисчилари қатнашаётган мусобақанинг илк кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин медалга сазовор бўлди.

13 ёшгача бўлганлар орасидаги саралаш учрашувларида рақибларини енгган терма жамоамиз аъзоси Ҳусеин Искандаров финал баҳсида Ҳиндистон вакили Никан Ширванини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди.
Терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Темурбек Нурмонов 17 ёш тоифасида турнирнинг энг кучли кичик ракетка устаси эканини амалда кўрсатди. У финалда Ҳиндистон терма жамоаси аъзосини 3:2 ҳисобида доғда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллади.

Бугун, 28 сентябрь куни халқаро турнирнинг бир қатор йўналишларида ҳамюртларимиз баҳс олиб боради.
Хусусан, Амир Шириев, Элбек Нурбоев, Раҳматилла Абдурашидов, Мухторали Исмоилов, Элеонора Шириева, Дилнавоз Омонова, Муниса Машарипова, София Аджибекирова сингари иқтидорли спортчиларимиз ўз ёш тоифаларида иштирок этади.
Яккалик, жуфтлик, аралаш жуфтлик йўналишларида ўтаётган халқаро турнир 30 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА