Спортни ривожлантириш масаласи депутатлар билан муҳокама қилинди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган сессиясида вилоятда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, бу борада мавжуд муаммоларга ечим топиш масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов ва вилоят ҳокими А.Бобоев иштирокида ўтказилган сессияда аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида шу йилнинг 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросига эътибор қаратилди.

Таъкидланишича, вилоятда ўтган йил “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларида 14 спорт тури бўйича 1,3 миллион нафардан зиёд ёки 80 фоиз ёшлар қамраб олинган. Мусобақалар якунига кўра, вилоят жамоаси 18 та олтин, 14 та кумуш, 8 та бронза медаллари билан Республикада биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, 2025 йилги комплекс ва халқаро спорт мусобақаларида самарқандлик спортчилар томонидан жами 143 та медал (43 та олтин, 56 та кумуш, 44 та бронза) қўлга киритилган.

Спорт вазири А.Икромов ўтган йил “Президент олимпиадаси” спорт мусобақаларида вилоят делегацияси 222 нафар спортчи билан иштирок этиб, 31 та медал (8 та олтин, 6 та кумуш, 17 та бронза) билан умумжамоа ҳисобида 7-ўринни эгаллагани вилоят спорти салоҳиятига мос келмаслигини қайд этди. Тойлоқ олимпия ва паралимпия маркази, Самарқанд шаҳридаги 2-сон спорт мактаби, Жомбой ва Қўшработ туманларидаги спорт муассасалари спортчилари ушбу мусобақаларда қониқарли натижа кўрсатмаганини танқид қилди.
Сессияда давлат раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ва ўтган йилги натижалардан келиб чиқиб, йил якунига қадар “Беш ташаббус олимпиадаси” ва бошқа 12 мингдан ортиқ оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали 1,9 миллион аҳолини қамраб олиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, 5 минг нафар иқтидорли ёшларни спорт мактабларига селекция қилиш, жорий йилда Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ва Параосиё ўйинларига вилоят спортчиларини тайёрлаш ва камида 34 нафар спортчининг муваффақиятли иштирокини таъминлаш бўйича соҳа вакилларига топшириқлар берилди. Спорт соҳасида белгилаб берилган мақсадли кўрсаткичлар ва устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича вилоят ишчи гуруҳи тузилди.

Сессияда муҳокама этилган масала юзасидан депутатлар, спорт соҳаси масъуллари ўз таклиф ва ташаббусларини билдирди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири