Дўстлик фестивали “Оққамиш” маҳалласидан бошланди
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани “Оққамиш” овул фуқаролар йиғинида “Ўзбекистон — бағри кенг диёр” мавзусидаги фестиваль турли миллатлар дўстлигига бағишланган ижодий учрашув билан бошланди.
Туман марказидан олис ҳудудда жойлашган “Оққамиш” овул фуқаролар йиғинида бошланган байрам тадбирида туман ҳокими И.Худойберганов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари А.Алланиязов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Маҳаллий ҳокимият, вакиллик ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда давлат органларининг очиқлигини таъминлаш масалалари қўмитаси раиси Ш.Отемисов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Т.Абдижаббаров иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялашга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталди. Шу билан бирга, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон тараққиётнинг муҳим омили сифатида миллатлараро ҳамжиҳатлик ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, юртимизда яшаётган 16 та диний конфессия, 130 тадан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари тенг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Мамлакатимизда 30 июлни Халқлар дўстлиги куни этиб белгилаш тўғрисида 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижлик ҳамкорларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 1 июнда “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилди.

Оролбўйида дўстлик фестивали “Оққамиш” овул фуқаролар йиғинидан маҳалласидан бошлангани бежиз эмас. Чунки ушбу ҳудудда ўзбек, қорақалпоқ, туркман, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари бир оила фарзандларидек яшаб, туман иқтисодиётининг турли тармоқларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Мамлакатимиз пойтахтидан ташриф буюрган тарғибот гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ахтамқул Карим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров, эстрада хонандаси Алишер Рўзметовнинг чиқишлари тадбирга ўзгача файз киритди.
Тумандаги эл севган хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган турли миллат вакилларининг куй, қўшиқ ва рақслари иштирокчиларга байрамона руҳ бағишлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.